КХДР ўз конституциясидан Жануб билан бирлашиш бандларини чиқариб ташлади
Корея Халқ Демократик Республикаси конституциясига киритилган сўнгги ўзгартиришлар орқали Жанубий Корея билан бирлашишга оид барча нормалар бекор қилинди. Шу билан бирга, расмий Пхеньян Жанубни очиқчасига “душман давлат” сифатида белгилади, деб ёзди "DW" нашри.
Хабарда КХДР қонунчилигидаги мазкур ўзгаришлар март ойида парламент Олий халқ йиғини томонидан қабул қилингани айтилади.
Ўлканинг янги таҳрирда Бош қомусида мамлакат ҳудуди илк бор аниқ таърифланган: унга қуруқлик, денгиз ҳудудлари ва ҳаво макони киритилган бўлиб, шимолда Хитой ва Россия, жанубда эса Жанубий Корея билан чегараланиши қайд этилган.
Ҳужжатда давлат ҳудудий дахлсизлигига ҳар қандай тажовузга йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланган. Айни пайтда, жануб билан аниқ чегара чизиғи ёки баҳсли денгиз ҳудудлари очиқ кўрсатилмаган.
Янги конституцияга мувофиқ, Ким Чен Ин расман давлат раҳбари сифатида мустаҳкамланди. Илгари у олий раҳбар сифатида таърифланган бўлса, энди расмий равишда давлат етакчиси мақомига эга бўлди.
Сўнгги йилларда Пхеньян ва Сеул ўртасидаги муносабатлар изчил равишда ёмонлашиб бормоқда. Хусусан, 2024 йил бошида Ким Чен Ин Жанубий Кореяни конституция даражасида асосий душман сифатида белгилаш ташаббусини илгари сурган эди.
Жанубий Корея томонидан музокара бўйича бир неча бор билдирилган таклифлар эса Пхеньян томонидан рад этилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА