Эрдоған: ЕИ Туркиясиз глобал кучга айлана олмайди
Туркия етакчиси Режеп Таййип Эрдоған Европа Иттифоқини Анқарага нисбатан сиёсий қарашларини кескин ўзгартиришга чақирди. У ЕИни Туркия иштирокисиз ҳақиқий куч маркази бўла олмаслигини таъкидлаб, блокни "стратегик кўрлик"да айблади.
Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг халққа мурожаат қилган давлат раҳбари, Брюссель Туркиянинг конструктив ҳаракатларини қадрлаши ва ижобий ёндашувларни қўллаб-қувватлаши зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда “Anadolu” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Президент ўз нутқида замонавий Туркия энди аввалгидек кучсиз давлат эмаслигини ва дунё фақатгина Ғарб давлатларининг таъсир доирасидан иборат бўлиб қолмаганини эслатиб ўтди. У мамлакатнинг ЕИга 1959 йилдан буён давом этиб келаётган аъзолик жараёнига тўхталар экан, Анқара кўплаб адолатсизликларга дуч келгани, бироқ ҳануз тўлиқ аъзолик мақсадидан воз кечмаганини билдирди.
Эрдоғаннинг сўзларига кўра, кўп қутбли дунё тизимида Туркия илғор марказлардан бирига айланиш салоҳиятига эга. Президент Европа раҳбарларини тарихий стереотипларни бир четга суриб, Туркия билан тенг ва самимий муносабатлар ўрнатиш орқали келажакни бирга қуришга чақирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА