Учтепа ахборот-кутубхона марказига 500 номдаги 2 500 нусха китоб топширилди
Мамлакатимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни мутолаага кенг жалб этиш ҳамда кутубхоналарни замонавий билим ва маърифат масканларига айлантиришга оид эзгу ташаббуслар изчил давом эттирилмоқда.
Китоб — инсоннинг маънавий камолоти, дунёқараши ва тафаккурини бойитувчи энг муҳим воситалардан бири. Айниқса, бугунги ахборот оқими жадаллашган даврда ёшларни сифатли адабиётлар билан таъминлаш, уларда мутолаага бўлган қизиқишни кучайтириш ва кутубхоналарнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан Тошкент шаҳри Учтепа тумани Ахборот-кутубхона марказига 500 номдаги 2 500 нусха китоб топширишга бағишланган маърифий-маънавий тадбир ташкил этилди.
Мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад — кутубхона фондини замонавий ва мазмунан бой адабиётлар билан тўлдириш, Учтепа тумани аҳолиси, айниқса, ёшлар учун мутолаа имкониятларини кенгайтириш, китобхонлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда жамиятда китоб ва илмга бўлган ҳурматни юксалтиришдан иборат.

Тадбир доирасида Ахборот-кутубхона марказига турли йўналишларни қамраб олган бадиий, илмий-оммабоп, маънавий-маърифий ва ижтимоий мазмундаги адабиётлар тақдим этилди. Ушбу китоблар китобхонларнинг ёш ва қизиқишларига мос равишда мутолаа доирасини кенгайтириш, янги билим ва маълумотларни ўзлаштириш, бўш вақтни мазмунли ташкил этишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Тадбирнинг очилиш маросимида мамлакатимизда китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ёш авлодни мутолаага кенг жалб этиш, кутубхоналарнинг маънавий-маърифий ҳаётдаги аҳамияти, шунингдек, китобнинг инсон тафаккури ва маънавий дунёсига таъсири ҳақида фикрлар билдирилди.
Ижодкорлар иштирокидаги бадиий-мусиқий чиқишлар тадбирга кўтаринки руҳ бағишлаб, китоб, санъат ва маърифат уйғунлигини намоён этди. Шу билан бирга, ижод аҳли билан мулоқот қилиш ёшларнинг адабиёт ва санъатга бўлган қизиқишини ошириш, уларни миллий маданиятимиз ва маънавий қадриятларимизга янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Айниқса, ёш авлодни китобга ошно қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантиришда кутубхоналарнинг ўрни беқиёс. Мутолаа орқали инсон янги билимларга эга бўлади, турли нуқтаи назарлар билан танишади, таҳлил қилиш ва хулоса чиқариш кўникмаларини шакллантиради.
Шу боис “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан амалга оширилаётган мазкур китоб тақдимоти нафақат кутубхона фондини бойитиш, балки жамиятда китобхонлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим маърифий қадам сифатида аҳамият касб этади.
Китоб тақдимоти муносабати билан ташкил этилаётган мазкур маърифий тадбир кенг жамоатчиликни мутолаага чорлаш, китобнинг инсон ҳаётидаги беқиёс аҳамиятини яна бир бор тарғиб этиш ва “китобхон жамият” ғоясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА