Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш чоралари кучайтирилди
Жиззах шаҳри, Ғаллаорол ва Зомин туманларида газдан хавфсиз фойдаланиш, ис газидан заҳарланиш ҳамда ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда аҳоли, талабалар ва мактаб ўқувчиларига ҳаёт учун муҳим қоидалар тушунтирилмоқда.
Қиш фасли яқинлашган сари хонадонларда иситиш мосламаларидан фойдаланиш кўлами ҳам ортиб боради. Бу эса оддий эҳтиётсизлик оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор эслатади. Айниқса, ис газидан заҳарланиш ва газ-ҳаво аралашмаси чақнаши инсон ҳаётига жиддий хавф туғдиради.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш фақат махсус хизматларнинг эмас, ҳар бир фуқаронинг ҳам масъулиятидир. Зеро, хавфсизлик қоидаларига амал қилиш кўпинча инсон ҳаётини асраб қоладиган энг муҳим омилга айланади.


Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, газ таъминоти ташкилотлари ва тегишли хизматлар ҳамкорлигида жойларда тушунтириш ишлари кучайтирилган. Жумладан, Жиззах давлат педагогика университети талабалар турар жойида профилактик учрашув ташкил этилди.
Унда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник А.Мустофоев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ иштирок этди. Тадбирга фахрийлар кенгаши раиси ва “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали ходимлари ҳам жалб қилинди.


Мулоқот давомида талабалар ва муассаса ходимларига ёнғин хавфсизлиги талаблари батафсил тушунтирилди. Ис газидан ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланишнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Газ ва электр жиҳозларидан тўғри фойдаланиш, бирламчи ўт ўчириш воситаларини ишлатиш тартиби ҳам кўрсатиб берилди.
Мутахассислар талабалар турар жойидаги умумий овқат тайёрлаш хоналарини ҳам кўздан кечирди. Ишчи гуруҳ аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди. Чунки ётоқхонадаги хавфсиз муҳит нафақат маъмурият, балки ҳар бир яшовчининг ҳушёрлигига ҳам боғлиқ.


Ғаллаорол туманида ҳам профилактик ишлар аҳоли гавжум жойлардан бошланди. “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали, “Ғаллаоролтумангаз” газ таъминоти бўлими, “Energo digit” МЧЖ сервис хизмати ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамкорликда иш олиб борди.
Мутахассислар бозорлар, савдо дўконлари, кўчалар ва жамоат жойларида фуқаролар билан суҳбатлашди. Умумтаълим мактабларида ҳам ўқувчиларга ис газининг хавфи ва унинг олдини олиш чоралари тушунтирилди. Айниқса, хоналарни мунтазам шамоллатиш, носоз газ жиҳозларидан фойдаланмаслик зарурлиги таъкидланди.


Мактаб ўқувчилари ва фуқароларга иситиш мосламаларидан фойдаланишдаги эҳтиёт чоралари ҳам тушунтирилди. Дудбуронларнинг созлигини текшириш ва шамоллатиш тизимларини ишчи ҳолатда сақлаш муҳимлиги қайд этилди. Заҳарланиш аломатлари сезилганда эса зудлик билан тегишли хизматларга мурожаат қилиш лозимлиги уқтирилди.
Зомин туманидаги профилактик тадбирлар ҳам куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилди. “Зоминтумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари Бирлик ва Ғафур Ғулом маҳаллаларида аҳоли билан учрашди. Деҳқон бозорлари ҳамда “Корзинка” савдо мажмуасида ҳам тарғибот ишлари ташкил этилди.

Махсус овоз кучайтиргичлар орқали фуқароларга газдан хавфсиз фойдаланиш қоидалари етказилди. Учрашувларда иситиш ускуналарининг техник ҳолатини назорат қилиш зарурлиги тушунтирилди. Газ сизиб чиққанда кўриладиган чоралар ва хоналарни шамоллатишнинг аҳамияти ҳақида тавсиялар берилди. Аҳолига хавфсизлик қоидалари акс этган эслатмалар ҳам тарқатилди.
Бу тадбирлар замирида аҳоли ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган устувор вазифалар мужассам. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги “Газ ҳолатидаги ёқилғида ишловчи аппаратларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги 887-сон қарори газда ишлайдиган аппаратлар хавфсизлигига талабларни белгилайди. Мазкур ҳужжатга 2026 йил 17 февралдаги 66-сон қарор билан ўзгартишлар киритилиб, хавфсизлик талаблари янада кучайтирилди.

Албатта, қонунчиликда белгиланган талаблар ҳаётда тўлиқ ижро этилгандагина кутилган натижани беради. Шунинг учун профилактик тадбирлар бир марталик акция эмас, доимий эътибор ва назоратни талаб этадиган вазифадир.
Энг муҳими, ҳар бир хонадонда газ ускуналарининг созлиги текширилиши, дудбуронлар тозаланиши ва ҳаво алмашинуви таъминланиши зарур. Огоҳликни кундалик одатга айлантириш орқали кўплаб бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мумкин.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири