Учрашув самимий мулоқот, ҳаётий ҳикоялар ва қизғин савол-жавобларга бой бўлди
Бугун юксак минбарларда мамлакат тақдирига дахлдор масалаларни муҳокама қилаётган инсонлар ҳам бир вақтлар мактаб партасида ўтирган. Уларнинг бугунги мартабаси ортида эса йиллар давомидаги изланиш, меҳнат, устозлар сабоғи ва илмга бўлган интилиш мужассам. Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида сенаторлар ва ёшлар учрашуви ана шу ҳаётий ҳақиқатни яна бир бор намоён этди.
Пайшанба — Ёшлар куни доирасида ташкил этилган мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши раиси, ижод мактаби директори Покиза Аҳмеджанова, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев, Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси Нодир Жумаев, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ректори Аваз Мансуров ҳамда мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди.
Суҳбат аввалида мамлакатимизда таълим ва тарбия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ижодий қобилияти ва дунёқарашини ривожлантириш учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз борди. Айниқса, ижод мактабларининг ёш авлод камолотидаги ўрни, бу ерда таълим олаётган ўқувчилар учун яратилган шароитлар ва уларнинг эришган натижалари эътироф этилди.
Бироқ учрашувнинг энг таъсирчан жиҳати меҳмонларнинг ўз ҳаёт йўли ҳақидаги ҳикоялари бўлди. Улар ҳам бир вақтлар оддий мактаб ўқувчиси бўлгани, таҳсил олган даврида бугунгидек имкониятлар мавжуд эмаслиги, аммо илмга чанқоқлик, меҳнат ва устозларининг сабоқлари орқали ўз мақсадларига эришганларини сўзлаб беришди.
[gallery-32488]
— Бугун Олий Мажлис Сенатида ёшлар билан учрашувлар яхши анъанага айланиб бормоқда. Бундай мулоқотларда парламент фаолияти, қабул қилинаётган қонунлар ва мамлакатимиздаги ислоҳотлар ҳақида маълумот бериш билан бирга, ёшларнинг сиёсий қарашлари, фуқаролик позицияси ва жамият ҳаётидаги иштирокига ҳам эътибор қаратамиз.
Бугун ижод мактаби ўқувчилари билан суҳбатда уларнинг мамлакатимиздаги ўзгаришларга бефарқ эмаслиги, қонун ижодкорлиги жараёни ва парламент фаолиятига қизиқишига гувоҳ бўлдик. Саволлари, таклиф ва ташаббуслари ҳам эътиборга молик.
Энг муҳими, ёшларимизда келажакка ишонч, ўз ўрнини топишга интилиш ва катта мақсадлар сари ҳаракат бор. Уларнинг кўзларидаги шижоат, ижодий изланишлари ва дунёқараши қувонарли. Ишонаманки, улар орасидан келажакда етук олимлар, ижодкорлар, педагоглар, мутахассислар ва сиёсатчилар етишиб чиқади, — деди Анвар Тўйчиев.
Дарҳақиқат, муваффақиятга эришган инсоннинг ҳаёт йўли ёшлар учун энг таъсирчан сабоқлардан биридир. «Яхши ўқинг, изланинг» деган насиҳатдан кўра, шу йўлдан ўтиб, муайян натижага эришган инсоннинг шахсий тажрибаси кўпроқ таассурот қолдиради. Зеро, ҳар бир ютуқ ортида сабр, изланиш ва тинимсиз меҳнат бор.
Ижод мактаби ўқувчиларининг натижалари ҳам бунинг яққол ифодасидир. 2023–2025 йилларда мактабни тамомлаган 100 нафар битирувчининг барчаси олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Жорий йилда эса 39 нафар битирувчидан 10 нафари максимал — 189 балл тўплади, 24 нафари давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди.
Ҳозирда мактабнинг уч нафар битирувчиси дунёнинг ТОП-100 талигига кирган хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Жорий йилги битирувчи Зулҳаё Мингбоева Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби бўлди. Мактабнинг драма тўгараги эса икки йилдан буён «Турон» мактаб театри республика танловида энг юқори ўринни эгаллаб келмоқда.
Бу рақамлар ортида устозларнинг фидокорона меҳнати, ўқувчиларнинг изланишлари ва ўз иқтидорларини намоён этишга интилишлари мужассам.
Учрашув давомида ўқувчилар сенаторларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Парламент фаолияти, қонунларнинг қабул қилиниши, юртимиздаги ўзгаришлар, таълим имкониятлари ва келажакда касб танлаш масалалари юзасидан қизғин фикр алмашилди. Сенаторлар эса саволларга ўз ҳаётий тажрибалари ва аниқ мисоллар асосида жавоб берди.
— Бугунги учрашувнинг аҳамияти шундаки, ўқувчиларимиз сенаторлар ва олимларнинг ҳаёт йўли билан яқиндан танишишди. Улар ҳам бир вақтлар оддий мактабда ўқиган, қийинчиликларни енгиб, билим ва меҳнат орқали бугунги даражага етган.
Ёшларга фақат «яхши ўқинг, кўп китоб мутолаа қилинг» деб айтишнинг ўзи кифоя эмас. Уларга бу йўлдан ўтиб, натижага эришган инсонларнинг ҳаётини мисол қилиб кўрсатиш керак. «Мен ҳам сиздек ўқувчи бўлганман, мана шу меҳнатлар орқали бу даражага етдим», деган самимий эътироф болаларимизга катта мотивация беради.
Ниятимиз — мактабимиз ўқувчилари орасидан ҳам Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева каби буюк ижодкорлар, шунингдек, етук олимлар, мутахассислар ва давлат арбоблари етишиб чиқсин. Аслида, бутун саъй-ҳаракатларимиз ҳам шу мақсадга қаратилган, — деди Покиза Аҳмеджанова.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА