Жиззахда Ўзбекистон зиёлилари кенгаши йиғилиши
Жамият тараққиётини иқтисодий кўрсаткичлар билангина баҳолаб бўлмайди. Унинг маънавий қиёфаси, интеллектуал салоҳияти ва фуқаролик масъулияти ҳам муҳим мезондир. Бу жараёнда зиёлиларнинг билим ва тажрибаси, ташаббуси ҳамда жамоатчилик фаоллиги алоҳида аҳамият касб этади. Жиззах вилоятида бўлиб ўтган Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг ҳудудий йиғилишида шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Жиззахда ўтказилган ҳудудий анжуманда Ўзбекистон зиёлилари кенгаши вакиллари миллий юксалишнинг долзарб масалалари ва ёшлар тарбияси бўйича янги ташаббусларни илгари сурди. Унда олимлар, тадқиқотчилар, педагоглар, ижодкорлар ва фаол ёшлар иштирок этди. Мулоқот давомида мамлакат тараққиёти, маънавий-маърифий муҳит ва таълим келажагига дахлдор масалалар кўтарилди.
Тадбир аввалида жиззахлик зиёлилар миллий адабиётимиз намояндалари хотирасини ёд этдилар. Улар Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкаллари пойига гуллар қўйди. Бу тадбир иштирокчилари учун миллий меросга ҳурмат ифодаси бўлди.
Дарҳақиқат, миллатнинг маънавий қудрати унинг тарихий хотираси ва интеллектуал меросида намоён бўлади. Буюк аждодлар қолдирган адабий ва маърифий меросни асраш билан иш битмайди. Уни замонавий тафаккур, таълим ва ижод билан бойитиш ҳам зарур. Зиёлилар зиммасидаги масъулиятнинг муҳим жиҳати ҳам шунда.
Йиғилишда жамият тараққиётининг бир-бири билан узвий боғлиқ йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, миллий қадриятлар, маънавият, илм-фан, таълим, адабиёт ва маданият масалаларига эътибор қаратилди. Соҳа вакилларининг таклифлари ва ташаббуслари ҳам кўриб чиқилди. Мутасаддиларга ушбу ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилди.
Анжуманнинг муҳим жиҳати муҳокамаларнинг еттита шуъба доирасида ташкил этилганида намоён бўлди. Бу усул муаммоларни алоҳида йўналишлар бўйича чуқур ўрганиш имконини берди. Шунингдек, турли соҳа вакилларининг тажрибасини бирлаштириш учун шароит яратди.
Шуъбаларда маънавий-маърифий соҳани ривожлантириш, ёшлар тарбияси ва миллий қадриятларни асраш масалалари муҳокама этилди. Жамият ҳаётидаги долзарб муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бу ерда бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозим. Бугун зиёлилик тушунчаси фақат касбий маҳорат ёки илмий даража билан чекланмайди. У жамият олдидаги масъулият, мустақил фикр ва фаол фуқаролик позициясини ҳам қамраб олади. Зеро, ҳақиқий зиёли жамиятдаги ўзгаришларни кузатувчи эмас, уларнинг фаол иштирокчиси бўлиши керак.
[gallery-32486]
Ўқитувчи ёш авлоднинг билим ва дунёқарашини шакллантиради. Олим тараққиётга хизмат қиладиган илмий ечимларни излайди. Ижодкор эса халқнинг орзу-интилишлари ва муаммоларини бадиий ифода этади. Журналист жамоатчиликни хабардор қилади, унинг фикрлаш маданиятига таъсир кўрсатади. Шу маънода, ҳар бир зиёли ўз соҳасидаги фаолияти билан бирга жамият тақдирига ҳам дахлдордир.
Бугунги давр зиёлилар олдига янги вазифаларни қўймоқда. Рақамли муҳит, ахборот оқимининг тезлашиши ва глобаллашув ёшлар дунёқарашига таъсир кўрсатмоқда. Бундай шароитда миллий ўзликни англаш, она тилига ҳурмат ва китобхонлик маданиятини мустаҳкамлаш долзарб аҳамият касб этади.
Айниқса, ёшларни замонавий билимлар билан қуроллантириш миллий тараққиётнинг муҳим шартидир. Бу жараёнда миллий қадриятлар ва замонавий билимлар ўртасидаги уйғунликни таъминлаш зарур. Зиёлилар эса ушбу мақсадга эришишда муҳим ижтимоий куч ҳисобланади.
Кенгаш фаолиятининг аҳамияти ҳам турли соҳалардаги салоҳиятни умумий мақсадга йўналтиришдадир. Унда илгари сурилган фикрлар ва ташаббуслар фақат муҳокама билан чекланмаслиги лозим. Ҳар бир асосли таклифнинг амалий ижроси, масъуллари ва натижаси белгиланиши муҳим. Ана шунда жамоатчилик мулоқоти аниқ ўзгаришларга хизмат қилади.
Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг ҳудудий йиғилишлари мамлакатнинг 14 та ҳудудида ташкил этилмоқда. Ушбу мулоқотлардан кўзланган мақсад ҳудудлардаги муаммоларни кенг муҳокама қилишдир. Шунингдек, зиёлиларнинг билим ва тажрибасига таяниб, амалий таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Жиззахдаги икки кунлик йиғилиш ҳам шу мақсадларга хизмат қилди. Унда билдирилган фикр ва ташаббуслар умумлаштирилиш учун муҳим асос бўлди. Энг долзарб таклифларни республика миқёсида муҳокамага олиб чиқиш имконияти яратилди.
Аслида, миллий юксалиш фақат давлат идоралари ёки муайян соҳаларнинг вазифаси эмас. Бу жараёнда жамиятнинг барча қатламлари, айниқса, зиёлилар фаол иштирок этиши зарур. Чунки тараққиётнинг маънавий пойдевори билим, маърифат ва масъулият билан мустаҳкамланади.
Жиззахда якунланган анжуманнинг мазмун-моҳияти ҳам шунда. Зиёлиларнинг салоҳиятини бирлаштириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларни натижага йўналтириш муҳим вазифа бўлиб қолади. Зеро, миллатнинг интеллектуал қудрати унинг келажагини белгилайди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари