«Уч авлод учрашуви»: курсантларга зарур тавсиялар берилди
Ватан ҳимояси ва эл-юрт хавфсизлигини таъминлаш — нафақат юксак жисмоний тайёргарликни, балки букилмас ирода, юксак маънавият ва касбга бўлган чексиз фидоийликни талаб этадиган муқаддас бурч. Бугунги глобаллашув даврида ёш авлод қалбида мана шундай олижаноб туйғуларни шакллантириш, уларни аждодларнинг шонли анъаналарига содиқ руҳда тарбиялаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зеро, ўтмиш сабоқларини англаган, бугунги кун қадрига етган ва келажак масъулиятини ҳис қилган ёшларгина юртнинг чинакам суянчи бўла олади. Ана шундай эзгу мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш, тизимда узоқ йиллар хизмат қилган фахрийларнинг бой тажрибасини ёш ҳарбий хизматчиларга мерос қилиб қолдириш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида «Уч авлод учрашуви» бўлиб ўтди.

Тадбирни академия бошлиғи Музаффаржон Мамасиддиқов очиб, авлодлар ворислигини таъминлаш, ёшларни Ватанга садоқат, юксак масъулият ва касбга фидойилик руҳида тарбиялаш муҳимлигини таъкидлади. Бой ҳаётий ва хизмат тажрибасини ёш авлодга етказиш келажакдаги фаолият учун муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Тадбирда ёшларни танлаган касбини чуқур эгаллаш, доимий изланиш ва ўз устида ишлаш муҳимлиги, жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик, мустаҳкам ирода, жасорат ҳамда жамоавий ҳамжиҳатликнинг хизмат фаолиятидаги аҳамияти хусусида сўз борди. Курсантларга ҳар қандай мураккаб вазиятда пухта тайёргарлик ва қатъият билан ҳаракат қилиш юзасидан тавсиялар берилди.

Мазкур учрашув шунчаки дийдорлашув эмас, балки юрт тинчлиги йўлида фидокорона меҳнат қилган фахрийлар, бугунги кунда уларнинг шарафли ишини давом эттираётган офицерлар ҳамда келгусида хавф-хатардан инсонлар ҳаётини қутқаришни ўз касби деб билган ёш курсантлар ўртасидаги ўзига хос маънавий кўприк ва ўчмас анъаналар давомийлигининг ёрқин намунасига айланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА