Газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 900,3 миллиард сўмлик зарар аниқланди
Бугун Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида “Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати ҳамда қиш мавсумини беталафот ўтказиш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Аҳадхон Исоқжонов иштирок этиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар, давлат назорати тадбирлари натижалари, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида маълумот берди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, жорий йилда “Ўзэнергоинспекция” томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 3 минг 60 та ҳолат аниқланган. Жумладан, 144,3 миллион куб метр табиий газ ва 243,1 миллион киловатт-соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари қайд этилган. Бунинг натижасида давлат манфаатларига жами 900,3 миллиард сўм зарар етказилгани маълум қилинди.
Шунингдек, нефть маҳсулотлари сифатини назорат қилиш жараёнида 330 та ҳолатда жами 7 828,3 тонна сифатсиз нефть маҳсулоти аниқланиб, уларнинг сотувга чиқарилишининг олди олинган.
Истеъмолчилар, хусусан, тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилда 283 та тадбиркорлик субъектининг ҳисоб-китоблари қайта кўриб чиқилиб, электр энергияси учун ортиқча ҳисобланган 5 миллиард 321 миллион сўм ҳамда табиий газ учун 19 миллиард 84 миллион сўм, жами 24 миллиард 405 миллион сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди. Натижада тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тикланди.

Энергия тежамкорлик масаласига тўхталар экан, Аҳадхон Исоқжонов жорий йилда мажбурий энергия аудити ўтказилиши белгиланган 299 та истеъмолчидан 213 тасида аудит ишлари тўлиқ якунланганини маълум қилди.
– Аудит натижалари асосида 1 минг 840 та энергия тежамкорлик чора-тадбири ишлаб чиқилган бўлиб, уларни амалга ошириш орқали 208 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 125 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилиш кутилмоқда. Шу билан бирга, 3 854 та истеъмолчида реактив энергияни компенсация қилиш қурилмалари ўрнатилиши таъминланиб, бунинг натижасида 28,2 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалди.
Электр энергетика тизимида хавфсизликни таъминлаш борасида йил давомида 366 марта ўрганиш ўтказилган. Аниқланган камчиликлар сабабли 168 та бригаданинг иши тўхтатилиб, 121 нафар масъул ходимга нисбатан интизомий чоралар қўлланилган, – дея таъкидлади А.Исоқжонов.

Инспекция фаолиятида коррупцияга қарши курашиш ва ходимлар масъулиятини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудий бошқармалар фаолиятини ўрганиш натижасида қўпол камчиликларга йўл қўйган 6 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, 20 нафар ходимга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган.
Матбуот анжумани якунида мутасаддилар журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб бериб, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан тушунтиришлар берди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА