Давлат бошқарувида PR технологиялари: институционал асослар ва коммуникатив самарадорлик
Давлат бошқаруви тизимида давлат хизматчиси имижи PR стратегияларининг муҳим таркибий қисми сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Глобал бошқарув амалиётида давлат хизматчиси фақат маъмурий функцияларни бажарувчи шахс эмас, балки давлат ва жамият ўртасидаги коммуникацион кўприк, ишончли ахборот манбаи ҳамда давлат сиёсатининг амалий ифодаловчиси сифатида баҳоланади. Шу нуқтаи назардан, давлат хизматчиси имижини шакллантириш ва бошқариш давлат институтларига нисбатан жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш, очиқликни таъминлаш ва самарали коммуникация муҳитини яратишнинг стратегик воситаси ҳисобланади.
Халқаро тажрибалар шуни кўрсатадики, давлат хизматчиси имижи унинг профессионал компетенцияси, ахлоқий масъулияти, коммуникацион маданияти ва фуқаролар билан мулоқот қилиш қобилияти орқали шаклланади. PR стратегиялари доирасида бу имижни ривожлантириш “public service motivation”, “ethical governance”, “transparent administration” каби концепциялар билан узвий боғлиқ ҳолда амалга оширилади. Натижада, давлат хизматчиси имижи нафақат ички бошқарув самарадорлигини оширади, балки давлатнинг умумий имижи ва халқаро нуфузини мустаҳкамловчи муҳим омил сифатида намоён бўлади.
Шу нуқтаи назардан, давлат бошқарувида PR технологиялари фақат ахборот оқимини ташкил этиш эмас, балки жамоатчилик фикрини шакллантириш, давлат сиёсатида ижтимоий мувофиқликни таъминлаш, фуқароларни бошқарув жараёнига жалб этиш каби функцияларни бажаради. Бу эса унинг институционал моҳиятини белгилайдиган асосий жиҳатлардан биридир.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда давлат PR тизими босқичма-босқич институционал шаклга эга бўлди. Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида давлат бошқарувида очиқлик ва жамоатчилик билан мулоқотни таъминлаш сиёсати ҳуқуқий даражада мустаҳкамланди. 2019 йил 27 июндаги “Давлат органларида ахборот хизматларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори бу йўналишдаги илк ҳуқуқий пойдевор бўлди, дейиш мумкин.
Ушбу қарорга мувофиқ, ҳар бир давлат органида ахборот хизмати ташкил этилди ҳамда давлат органи фаолияти ҳақида ахборот тайёрлаш ва тарқатиш, оммавий ахборот воситалари билан мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таҳлил қилиш, фуқаролар мурожаатларига жавоб беришда очиқлик ва тезкорликни таъминлаш каби асосий вазифалар белгилаб берилди.
Бундай тизим давлат бошқарувида PR фаолиятининг институционал даражадаги мавқеини белгилаб берди. Энди ахборот хизмати фақат матбуот баёнотлари билан чекланмасдан, давлат сиёсатидаги “очиқлик архитектураси”нинг асосий қисмига айланди.
Шунингдек, 2021 йилда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари фаолиятида ахборот ошкоралигини таъминлаш тартиби тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳужжатда ахборотни ошкора қилишнинг аниқ мезонлари, фуқаролар учун очиқ бўлиши керак бўлган маълумот турлари ва жавобгарлик тартиби белгиланди. Натижада, давлат идораларида жамоатчилик билан муносабатлар тизими ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланди.
Бу жараён давлат бошқарувида “институционал коммуникация” тушунчасини илмий ва амалий жиҳатдан мустаҳкамлади. Энди PR фаолияти ташкилотдаги ёрдамчи вазифа эмас, балки бошқарув қарорларини ижтимоий асослаш ва уларнинг ижросини жамоатчилик назорати орқали таъминлаш воситасига айланди.
Илмий таҳлиллар шуни кўрсатадики, давлатнинг барқарорлиги ва фуқароларнинг унга бўлган ишончи кўп жиҳатдан ахборот муносабатларини қандай йўлга қўйишга боғлиқ. Масалан, таниқли поляк социологи П.Штомпка ишончни ижтимоий капиталнинг энг муҳим шакли сифатида таърифлаган бўлса, америкалик сиёсатшунос Ф.Фукуяма уни сиёсий тизимнинг барқарорлигини таъминловчи омил сифатида белгилайди. Давлат бошқарувида PR технологиялари айнан шу ижтимоий капитални шакллантирувчи восита сифатида намоён бўлади.
Ўлкамизда бу жараён давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Президентимизнинг 2023 йилги Мурожаатномасида “давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини тўлиқ жорий этиш” вазифаси қўйилган бўлиб, бу PR фаолиятининг стратегик аҳамиятини янада кучайтирди.
PR технологиялари давлат бошқарувида коммуникация ва сиёсий легитимлик ўртасидаги боғланишни таъминлайди. Яъни жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган қарорлар фуқаролар учун ишончли қабул қилинган қарор сифатида намоён бўлади. Шу боис, PR фаолияти давлат сиёсий тизимининг легитимлик механизми сифатида ҳам баҳоланади.
Бугунги кунда давлат PR фаолиятининг институционал тизими нафақат марказий ҳокимият органларида, балки маҳаллий даражада ҳам ривожланмоқда. Ҳар бир вилоят ҳокимлигида ахборот хизматлари фаолият юритиб, маҳаллий жамоатчилик билан мулоқотда “бирламчи фидбэк занжири”ни таъминламоқда. Бу тизим фуқароларнинг давлатга нисбатан муносабатини реал вақтда кузатиш ва таҳлил қилиш имконини беради.
Шу билан бирга, институционал PR тизимида кадрлар масаласи муҳим ўрин тутади. Ахборот хизматлари раҳбарлари ва давлат матбуот котиблари коммуникация психологияси, медиа саводхонлик ва стратегик мулоқот бўйича махсус тайёргарликдан ўтишлари талаб этилади. Бу орқали давлат хизмати фаолиятида “коммуникатив компетенция” деган янги малака стандарти шаклланмоқда.
Шундай қилиб, давлат бошқарувида PR технологияларининг институционал моҳияти уларнинг фаолият доирасидан эмас, балки ижтимоий вазифасидан келиб чиқади. Улар давлат ва жамият ўртасидаги ишонч муносабатларини мустаҳкамлайди, қарорлар қабул қилиш жараёнида очиқлик ва жавобгарликни таъминлайди ҳамда жамоатчилик фикрини давлат сиёсатининг илмий асосига айлантиради.
Юртимизда бу жараён қонунчилик ва амалиётда тизимли тус олди. Шунингдек, ахборот хизматлари институти, очиқ ҳукумат платформалари ва рақамли давлат хизматлари орқали PR фаолияти тўлиқ институционал даражага кўтарилди. Шу сабабли PR технологиялари бугун давлат бошқарувининг муҳим стратегик таркибий қисми сифатида эътироф этилмоқда.
Давлат бошқарувида PR технологияларининг асосий моҳияти унинг коммуникатив функцияси билан белгиланади. PR фаолиятининг марказида жамоатчилик билан ўзаро муносабат, ишонч ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш жараёни туради. Бу жараёнда давлат ва фуқаролар ўртасидаги ахборот оқими бир томонлама эмас, балки икки томонлама симметрик алоқа тизимига асосланиши лозим.
Америкалик олимлар Жеймс Грюниг ва Тод Ҳант томонидан ишлаб чиқилган “two-way symmetrical model” (икки томонлама симметрик мулоқот модели) замонавий давлат PR сиёсатининг илмий пойдеворини ташкил этади. Ушбу моделга кўра, жамоатчилик билан алоқалар фақат ахборот етказиш ёки ташвиқот эмас, балки давлат ва жамоат ўртасидаги ўзаро англашув ва ишончга асосланган мувозанатли мулоқотдир.
Бундай ёндашув давлат бошқарувидаги “коммуникация фалсафаси”ни белгилайди. Яъни, давлат фуқароларга ахборот етказиш билан чекланмасдан, уларнинг фикрини тинглайди, таҳлил қилади ва қарор қабул қилиш жараёнида жамоатчилик нуқтаи назарини инобатга олади. Бу ҳолат ўз навбатида, “ишонч капитали”ни шакллантиради, жамиятнинг давлат бошқарувига ишончи ва қонуний легитимликни мустаҳкамлайди.
Коммуникатив тизимнинг илмий модели
Давлат PR фаолиятидаги коммуникация жараёнини қуйидаги илмий модел орқали тасвирлаш мумкин:
PR коммуникация модели = [Ахборот манбаси → Хабар → Канал → Аудитория → Фикр-мулоҳаза (feedback)]
Бу моделнинг самарадорлиги “фикр-мулоҳаза ҳалқаси” қанчалик тўлиқ ишлашига боғлиқ. Агар давлат идораси жамоатчилик фикрини мунтазам таҳлил қилмаса, у ҳолда ахборот айланмаси бир томонлама бўлиб қолади ва ишончни пасайтиради. Шу боисдан, ҳар бир давлат ахборот хизматида “feedback monitoring” - яъни жамоатчилик кайфиятини доимий кузатиб бориш тизими жорий этилиши зарур.
Масалан, Буюк Британия ва Сингапурда давлат коммуникация марказлари фуқароларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини таҳлил қилиш учун махсус “media listening platforms”дан фойдаланади. Бу тизимлар орқали давлат қарорларига бўлган жамоат муносабати реал вақтда баҳоланади ва тегишли стратегик ўзгаришлар киритилади.
Давлат PR фаолиятининг самарадорлигини баҳолашда асосий мезон — ижтимоий ишонч индекси ҳисобланади. Чунки PR технологиялари ахборот тарқатиш билан эмас, ишончли муносабат яратиш билан ўлчанади.
Давлат органларида PR фаолияти самарадорлигини баҳолаш учун ягона универсал кўрсаткич мавжуд эмас. Шу сабабли мазкур тадқиқотда PR самарадорлиги жамоатчилик ишончи, ахборот қамрови, қайта алоқа ва ахборот шаффофлиги каби омилларнинг йиғиндисига асосланган шартли-аналитик модель сифатида таклиф этилади.
S = (I + Q + A + Sh) / 4
Бу ерда:
I - жамоатчилик ишончи (ишонч индекси ёки сўровнома натижалари асосида);
Q - ахборот қамрови (ахборотнинг аудиторияга етиб бориш даражаси);
A - қайта алоқа (фуқаролар мурожаатлари, изоҳлар ва жавоблар самарадорлиги);
Sh - ахборот шаффофлиги (очиқ маълумотлар ва расмий ахборотнинг тўлиқлиги).
Ушбу модель математик аниқ ҳисоб-китоб эмас, балки PR фаолиятига таъсир этувчи асосий омилларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатувчи концептуал индекс ҳисобланади. Кўрсаткичлар 0 дан 1 гача ёки 0 дан 100 гача шкалада баҳоланиши мумкин. Агар мазкур тўрт кўрсаткич изчил равишда ошиб борса, давлат органининг PR фаолияти жамоатчилик билан мулоқотда ижобий натижа бермоқда, деб баҳолаш мумкин. Шу билан бирга, мазкур модель универсал эмас ва уни қўллашда давлат органининг хусусияти ҳамда миллий шароит ҳисобга олиниши лозим.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда давлат идоралари PR самарадорлигини баҳолашда KPI (Key Performance Indicators) тизими жорий этилди. Масалан, вазирликлар ахборот хизматларининг фаолияти қуйидаги кўрсаткичлар бўйича баҳоланади:
ахборот материалларининг сони ва сифати;
жамоатчилик фикридаги “ижобий тоналлик” даражаси;
ижтимоий тармоқлардаги фаол аудитория ҳиссаси;
мурожаатларга жавоб бериш тезкорлиги.
Бу кўрсаткичлар PR фаолиятини субъектив баҳолашдан объектив таҳлил даражасига кўтармоқда.
Ишонч ва жавобгарлик давлат коммуникациясининг асосий устунлари
Коммуникатив самарадорликни таъминловчи асосий омиллардан бири ишончдир. Давлат бошқарувида ишончни тиклаш PRнинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади. Ишончсиз коммуникацияда давлат сиёсати қанчалик яхши бўлмасин, у фуқаролар онгида ижобий қабул қилинмайди.
Шу боис, давлат PR фаолиятида “ҳаққонийлик”, “жавобгарлик” ва “очиқлик” тамойиллари асосий методологик мезонлар сифатида белгиланмоқда. Президент Ш.Мирзиёевнинг жорий йил учун йўллаган Мурожаатномасида бу тамойил қуйидагича ифода этилди:
“Юртимиздаги кенг кўламли янгиланишлар даврида очиқлик сиёсатидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш устувор вазифамиз бўлиб қолади”.
Бу фикрлар давлат коммуникация сиёсатининг моҳиятини белгилайди – очиқлик орқали ишончни мустаҳкамлаш, ишонч орқали эса жамиятда барқарорликни таъминлаш.
Шу нуқтаи назардан, ҳар бир ахборот хизмати ўз фаолиятида “тўғри, ҳаққоний ва тезкор ахборот етказиш” принципига амал қилиши зарур. Ахборотни яшириш ёки кечиктириш ишончни емирувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.
PR фаолиятида ижтимоий таҳлил ва жамоатчилик фикрини ўрганиш муҳим. Ҳозирги замон PR технологиялари фақат ахборот узатиш эмас, балки “social listening”, “sentiment analysis”, “opinion mining” каби воситалар орқали жамоатчилик кайфиятини чуқур таҳлил қилишни ўз ичига олади.
Бу усуллар орқали давлат идоралари маълум бир сиёсий қарор ёки ислоҳот бўйича фуқаролар кайфиятини, қониқиш даражасини ёки танқидий фикрларни ўрганиши мумкин. Масалан, “Telegram” ва “X” платформаларидаги жамоат фикрини таҳлил қилиш давлатнинг PR стратегиясини тезкор янгилаш имконини беради.
Айниқса, воқеа юз бериши билан жамоатчиликка дарҳол муносабат билдириш амалиёти (real time communication) давлат PR фаолияти самарадорлигини оширади. Бу усулда кечиктирилган ахборот эмас, балки тезкор ва ишончли маълумот асосий устуворлик касб этади.
Шундай қилиб, PR технологияларининг коммуникатив табиати уларнинг давлат бошқарувидаги ижтимоий вазифасини белгилайди. Давлат ва фуқаролар ўртасидаги ишонч, очиқлик ва фидбэк муносабати PR фаолиятининг асосий самарадорлик индикаторларидир.
Мансур Юнусов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси доценти,
Республика “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси