Тьюторлар малакаси оширилмоқда
Олий таълим тизимида ҳар бир бўғин алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан, тьюторлар ҳам бунда муҳим ўрин тутади. Талабаларнинг илмий-маърифий ҳамда ижтимоий жиҳатдан ривожланиши айнан уларга боғлиқ. Шунинг учун тьюторлардан катта тажриба ва бой касбий салоҳият талаб этилади.
Шу мақсадда, Талаба ва ўқувчилар ижтимоий фаоллигини ошириш маркази томонидан олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган тьюторлар учун мунтазам тарзда замонавий малака ошириш дастурлари тизимли ташкил этиб келинмоқда.

Мазкур дастур доирасида Тошкент шаҳридаги тьюторлар учун машғулотлар анъанавий (офлайн) шаклда, ҳудудлардаги тьюторлар учун эса масофавий тарзда олиб борилмоқда. Қолаверса, тренинглар давомида иштирокчилар тажрибали мутахассислар томонидан ташкил этилган маъруза, семинар ва амалий машғулотлар орқали касбий фаолиятда зарур бўладиган билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш имконига эга бўлмоқда.



Таъкидлаш жоизки, марказ томонидан йўлга қўйилган ушбу тизимли ўқув жараёнлари тьюторларнинг касбий ривожи, ёшлар билан ишлаш сифати ва самарадорлигининг ошиши, шунингдек, таълим муассасаларида соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шербек Исломов,
ЎзА