Тест, талқин ва адолат: она тили ва адабиёт фанидан миллий сертификат синовидаги баҳсли жиҳатлар
Миллий сертификат тизими Ўзбекистон таълим маконида муҳим ўрин тутувчи баҳолаш механизми сифатида пайдо бўлди. Мазкур тизим нафақат ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг билим даражасини стандарт мезонлар асосида аниқлаш, балки умумий таълим сифатини мониторинг қилишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ҳар қандай баҳолаш тизими каби миллий сертификат имтиҳонлари ҳам доимий такомиллаштиришни талаб этади. Айниқса, она тили ва адабиёт фанига оид саволларнинг мазмуни, методик асослари ва психологик жиҳатлари бугунги кунда алоҳида эътибор талаб қилмоқда. Бу борада соҳа мутахассиси сифатида айрим мулоҳазаларимизни айтиб ўтишни жоиз топдик.
Бадиий матн таҳлили билан боғлиқ саволларни тузишда объективликка қатъий амал қилиш керак
Миллий сертификат имтиҳонларида 23–27-саволлар одатда бадиий матн таҳлилига бағишланади. Айни шу саволларда жиддий методик муаммо юзага чиқмоқда. Бадиий матн табиатан кўп қатламли ва кўп талқинли ҳодисадир. Жаҳон адабиётшунослигида узоқ вақтдан бери тан олинган назарий тамойилларга, матн таҳлили методларига асосан битта матнни турли китобхонлар ёши, ҳаётий тажрибаси, эстетик диди ва дунёқарашига қараб ҳар хил талқин қилиши мумкин. Тест тузувчи экспертлар эса кўпинча матнга ягона тўғри талқин нуқтаи назаридан ёндашиб, жавоб вариантларини шакллантирмоқда. Натижада вариантларнинг мазмунан бир-бирига ҳаддан ташқари яқин бўлиб қолиши кузатилмоқда. Бу ҳолат тест топширувчида ортиқча иккиланишни келтириб чиқаради ва баҳолашнинг объективлигига путур етказади. Айниқса, “муаллиф нимани назарда тутган?” типидаги саволлардан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш зарур. Адабиёт назариясида муаллиф нияти ҳар доим ҳам ишончли тарзда реконструкция қилинавермайди. Кўпинча матн талқини ўқувчи қабулига асосланади. Шу нуқтаи назардан, саволларни муаллиф ёки эксперт позициясидан эмас, балки оддий китобхон кузатиши мумкин бўлган матний белгилар, образлар, мазмун қатламлари ва эстетик хулосалар асосида тузиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ёш ва тажриба омилини ҳисобга олиш зарурати
Миллий сертификат тизимининг яна бир муҳим камчилиги — барча талабгорлар (10–11-синф ўқувчилари ва кўп йиллик педагогик тажрибага эга ўқитувчилар) учун ягона тест базасидан фойдаланиши. Бу ёндашув адолат ва педагогик мувозанат нуқтаи назаридан жиддий савол туғдиради. Ўқувчи ва ўқитувчи ўртасидаги табиий фарқ — билим чуқурлиги, мантиқий таҳлил тажрибаси, матнни қабул қилиш даражаси ва ҳаётий тажриба жиҳатидан жуда катта. Битта тест базаси бу фарқларни эътиборга олмайди. Натижада баҳолашнинг ишончлилиги пасаяди. Адолатли ечим сифатида ўқувчилар ва ўқитувчилар учун алоҳида тест базаларини шакллантиришни таклиф этиш мумкин. Бу ҳар бир аудиториянинг реал тайёргарлик даражасини ҳисобга олишга ва натижаларнинг объективлигини оширишга ёрдам беради. Қолаверса, эссе мавзуларини шакллантиришда ҳам айни шу омил эътиборга олиниши керак. Апрель-май ойларида ўтказилаётган синовларда “Муқим иш ўрнига эга бўлиш афзалми ёки иш ўрнини тез алмаштиришми?” мавзусидаги эссе мавзусининг ҳали иш тажрибаси мутлақо шаклланмаган ўқувчилар учун берилиши эссенинг ҳаётий далиллар, кузатувлар билан ёзилиши кераклиги борасидаги мезонни савол остига қўяди.
Илмий матнларда сунъий мураккаблик муаммоси
Она тили фанига оид саволларда илмий матнлар асосида тузилган топшириқларда баъзан сунъий мураккабликка дуч келинмоқда. Матнлар ҳаддан ташқари мураккаб терминлар ва синтактик конструкциялар билан тўлдирилгани сезилади. Бундай ёндашув замонавий компетенциявий таълим талабларига тўлиқ мос келмайди. Компетенцияга асосланган баҳолаш билимни “матнни тушуна оладими, асосий фикрни ажратиб оладими, хулоса чиқара оладими?” деган саволларга жавоб излайди. Шунинг учун илмий матнлар табиий, мантиқий ва ёш хусусиятларига мос бўлиши, саволлар эса тушуниш, таҳлил ва қўллаш кўникмаларини синашга йўналтирилиши лозим.
Ғазал таҳлили ёки замонавий шеърият?
28–32-саволларнинг кўпинча мумтоз ғазал таҳлилига бағишланиши ҳам алоҳида муҳокамани талаб қилади. Мумтоз адабиётнинг аҳамиятини инкор этиш мумкин эмас. Бироқ мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг адабий-матний тажрибаси асосан замонавий шеърият билан шаклланмоқда. Улар кундалик ҳаётда аруз вазни, тасаввуфий рамзлар ва мураккаб тарихий контекстга эга ғазалларга нисбатан камроқ дуч келишади. Шу боис ўқувчилар учун мўлжалланган тестларда замонавий ўзбек шеърияти намуналарига кенгроқ ўрин бериш, шеърий санъатлар ва поэтик воситаларни замонавий жанрлар мисолида таҳлил қилиш янада самарали бўлади. Бу баҳолаш мезонлари билан ўқувчиларнинг реал китобхонлик тажрибаси ўртасидаги тафовутни камайтиради.
Тавсия этилган адабиёт рўйхати миллий, тарбиявий ва психологик мувозанатни бузмаслиги шарт
Ўқиш тавсия этилган бадиий асарлар рўйхати ҳам ёш аудиториянинг психологик ва интеллектуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши зарур. Чунки 16–18 ёш оралиғидаги китобхонларнинг қизиқишлари, дунёқараши ва руҳий қабул қилиш даражаси ўзига хос хусусиятларга эга. Танланган асарлар нафақат бадиий қиймати, балки тарбиявий ва маънавий салоҳияти билан ҳам аҳамият касб этиши керак. Улар ёшларда Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат, анъаналарга садоқат, бағрикенглик ва ижтимоий масъулият ҳиссини шакллантиришга хизмат қилиши мақсадга мувофиқ. “Отамдан қолган далалар” (Тоғай Мурод), “Лолазор” (Мурод Муҳаммад Дўст), “Қиёмат” ва “Асрга татигулик кун” (Чингиз Айтматов) каби асарлар ёшларнинг маънавий тафаккурини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади ва айнан бу асарларнинг рўйхатдан жой олгани алоҳида таҳсинга лойиқ.
Шу билан бирга, Франс Кафканинг “Эврилиш” ёки Юй Хуанинг “Яшамоқ” асарлари каби фалсафий жиҳатдан оғир, абсурд ва пессимистик кайфият берувчи, маълум ҳаётий тажрибани талаб қилувчи бадиий ижод намуналарини ўсмир ёшлар учун тавсия этишда эҳтиёткор бўлиш мақсадга мувофиқ. Асарнинг бестселлер қийматга эга бўлиши уни барча ёш вакиллари ўқиши мумкинлигини англатмайди. Қолаверса, айрим асарлар 18+ категорияга эга эканини ҳам инобатга олиш зарур.
Хулоса ўрнида таъкидлаш ўринлики, миллий сертификат имтиҳонлари Ўзбекистон таълим тизимида сифат назорати воситаси сифатида катта салоҳиятга эга. Бироқ тест саволларини тузишда адабиётшунослик мезонлари, ёш психологияси, компетенциявий ёндашув ва китобхонлик маданиятини ҳисобга олиш баҳолаш сифатини янада оширади. Бу масалалар бўйича адабиётшунослар, методистлар, психологлар ва амалиётчи ўқитувчиларнинг кенг муҳокамаси таълим сифатини яна-да юксалтиришга хизмат қилади. Унутмайликки, ҳар қандай баҳолаш тизимининг асосий мақсади билимни ўлчаш эмас, балки билим ва компетенцияларни ривожлантиришга кўмаклашишдир.
Моҳинур ФАРМОНОВА,
Бухоро давлат университети таянч докторанти.
ЎзА