Ўзбекистон делегацияси Хитойда “Рақамли таълим бўйича Жаҳон конференцияси – 2026”да иштирок этди
Хитой Халқ Республикасида ўтказилган “Рақамли таълим бўйича Жаҳон конференцияси – 2026” халқаро анжуманида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Делегацияга мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова бошчилик қилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Хитой Халқ Республикаси Вице-президенти Хан Чжен сўзга чиқиб, сунъий интеллект даврида таълим тизимини трансформация қилиш глобал тараққиётнинг муҳим омилига айланганини таъкидлади. Шунингдек, у рақамли таълимни ривожлантиришда халқаро ҳамкорлик тобора муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этди.


Конференцияда дунёнинг турли мамлакатларидан таълим вазирлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, Нобель мукофоти совриндорлари ҳамда етакчи технологик компаниялар вакиллари қатнашди.
Анжуман доирасида вазир Эъзоза Каримова Қозоғистон, Таиланд, Буюк Британия ва Сербия таълим вазирлари билан қисқа учрашувлар ўтказди. Унда рақамли таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва келгусидаги қўшма лойиҳалар истиқболлари муҳокама қилинди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА