Туркиялик эркак тўсатдан миллиардерлар қаторидан жой олди
Туркиянинг Ван шаҳрида яшовчи 32 ёшли Аҳмад Жаҳонгард Такало кутилмаган ҳолатга дуч келди. Унинг банк ҳисобида бир зумда қарийб 1 триллион лира пайдо бўлган. Бу маблағ тахминан 21,8 миллиард долларга тенг бўлиб, уни дунёдаги энг бой инсонлар қаторидан жой олишига етарли эди.
Ғайриоддий ҳолат эркак оддий харид учун тўлов қилмоқчи бўлганида аниқланган. Банк картаси ишламагач, у банк бўлимига мурожаат қилган. Текширув давомида ҳисобида 999 999 999 999 лира ва 99 қуруш мавжудлиги маълум бўлган.
Такалонинг айтишича, бу маблағ қаердан келиб қолгани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Шундан сўнг банк ҳисобларни музлатиб, ҳолат юзасидан текширув бошлаган. Орадан қарийб бир ой ўтган бўлса-да, у ҳануз ўз ҳисобидан фойдалана олмаяпти.
Озарбайжонда туғилган ва сўнгги ўн йилдан буён Туркияда яшаётган Такало банкдан бир неча бор изоҳ сўраган, бироқ текширув тугалланмагани сабабли унга батафсил маълумот берилмаган. Ҳозирча маблағнинг пайдо бўлиши техник хатоликми ёки бошқа сабаб билан боғлиқми, аниқ эмас.
Қизиғи шундаки, Такало вазиятни сунъий интеллект орқали ҳам таҳлил қилиб кўрган. Унинг сўзларига кўра, дастурлар бундай маблағ билан йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ёки улкан миқдорда олтин харид қилиш мумкинлигини кўрсатган.
Мусулмон Зиё, ЎзА