Олимлар нимадан хавотирда?
Тинч океанида аллақачон шаклланган Ал-Нинё иқлим ҳодисаси метеорологлар фикрича рекорд қайд этиб, 1997 йилдаги даражадан ҳам ошиши мумкин.
АҚШ Миллий океан ва атмосфера бошқармаси (NOAA) мазкур ҳодисанинг тарихан энг юқори нуқтага чиқиши эҳтимоли 63 фоизлигини айтмоқда.
Олимлар фикрига кўра, Ал-Нинё глобал исишни кучайтиради, фавқулодда об-ҳаво ҳодисалари – иссиқлик тўлқини, қурғоқчилик, сув тошқини, ўрмон ёнғини каби офатларни келтириб чиқаради.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳозирги вазиятни “шошилинч иқлим огоҳлантириши” деб атади ва Ал-Нинё эффекти иқлим ўзгариши таъсирини янада кучайтиришига урғу берди.

Ҳодисанинг таъсири нотекис кечиши кутиляпти. Хусусан, баъзи минтақаларда сув тошқини ва довул, бошқа ҳудудларда қурғоқчилик, иссиқлик тўлқини кузатилади. Масалан, Жанубий Америкада кучли ёғингарчилик кутиляпти, Австралияда қурғоқчилик ва ёнғин хавфи кучли. Ҳиндистон аҳолиси иссиқ тўлқин кучайишидан азият чекади.
Мутахассислар ҳолатнинг энг юқори чўққиси куз ёки қишда содир бўлишидан огоҳлантириб, оқибат глобал иқтисодиётга ҳам таъсир қилиши мумкинлигига эътибор қаратган.

Олимлар ҳукуматлардан ноодатий об-ҳавога тайёргарлик кўриш зарурлигини таъкидламоқда. Зеро, супер Ал-Нинё ўн йилликлар ичидаги энг ҳалокатли ҳодисага айланиши мумкин.
Ал-Нинё – экватор яқинидаги марказий ва шарқий Тинч океани ер усти суви ғайритабиий исиши билан тавсифланадиган иқлим ҳодисаси ҳисобланади. Бу исиш меъёрий об-ҳаво шароитини бузади, бутун дунё бўйлаб иқлим мувозанатига салбий таъсир кўрсатади.
С.Раҳимов, ЎзА