Туркияда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ жамоаси яна бир бор эътироф этилди
Туркиянинг Анқара шаҳридаги ўқув полигонида туркий давлатлар ўртасида тақсимлаш электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи электромонтёрлар ўртасида халқаро маҳорат мусобақаси бўлиб ўтди.
Унда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ жамоаси ҳам иштирок этиб, техник тайёргарлик, жабрланган ходимга биринчи ёрдам кўрсатиш ҳамда электр қурилмаларида юзага келган ёнғинни бартараф этиш бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.

Мусобақа якунига кўра, ўзбекистонлик мутахассислар юқори касбий тайёргарлик, диққат-эътибор ва эҳтиёткорлик намоён этиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан “Энг диққатли мутахассислар” номинациясида ғолиб бўлди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур мусобақа ҳар йили ўтказиб келинади. Ўтган йили мусобақага Самарқанд шаҳри мезбонлик қилган ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ жамоаси барча шартлар бўйича юқори натижа қайд этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллаган эди.

Н.Зиёдуллаева,
ЎзА