Талабалар “Заковат”да беллашди
Пойтахтимизда Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда “Заковат интеллектуал клуби” ННТ ҳамкорлигида давлат ва нодавлат ОТМлар жамоалари ўртасида “Заковат” интеллектуал мусобақаси бўлиб ўтди.
Бугунги кунда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, мантиқий фикрлаш қобилиятини чархлаш ва билимга бўлган интилишини рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада мамлакатимизда кенг қулоч ёйган "Заковат" интеллектуал ҳаракати минглаб билимдон ёшларни бирлаштирувчи улкан платформа вазифасини ўтамоқда.

Турли ОТМлардан ташриф буюрган энг сара жамоалар қизиқарли саволлар орқали ўз билимларини синовдан ўтказди. Кескин кураш руҳида ўтган ўйин якунида ғолиб жамоалар аниқланди.

Жумладан, 1-ўринни Тошкент давлат иқтисодиёт университети жамоаси эгаллади. 2-ўрин Тошкент давлат тиббиёт университети жамоасига, 3-ўрин Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети жамоасига насиб қилди.

Ғолиб ва совриндор жамоалар сертификат ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди.
Г.Бобоева,
ЎзА