Туркияда «Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!» номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди
Шоир, публицист ва «Jadid» газетаси журналисти, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Шаҳриёр Шавкатнинг Афғонистон экспедицияси (сафари) туркий-ислом маданияти бешикларидан бири бўлган тарихий Ҳирот ва унга туташ ҳудудлардаги миллий-маънавий илдизларимиз, улуғ аждодлар меросини ўрганиш ва зиёрат қилиш мақсадида ташкил этилган. Ушбу сафар якунлари бўйича муаллифнинг «Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!» номли янги сафарнома китобининг тақдимоти Туркияда бўлиб ўтди.
«Jadid» ҳафталиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида чоп этилган мазкур китоб туркиялик адабиёт мухлисларида катта қизиқиш уйғотди. Айтиш керакки, сафар давомида шоир Шаҳриёр Афғонистоннинг тарихий Ҳирот ва Мазори Шариф каби шаҳарларига борган. Ижодкор экспедиция давомида ўзбек адабиёти ва давлатчилигининг буюк сиймолари — Алишер Навоий, Лутфий Ҳировий, Гавҳаршодбегим ва Султон Ҳусайн Бойқаронинг қабрлари зиёрат қилинган ва уларнинг руҳига ҳурмат бажо келтирган.

Муаллифнинг сафар таассуротлари дастлаб ижтимоий тармоқлар ва «Jadid» газетасида мақолалар шаклида эълон қилиб борилган. Китобдан «Озодлик оролчаси», «Равзаи шариф меҳмони», «Ўзбек бўлиш машаққати», «Чегарада Алишерни кўрдим» ва бошқа кўплаб қизиқарли, самимий, жонли тарихий-бадиий лавҳалар, репортажлар ўрин олган.

Эссе ва сафарнома шаклидаги ушбу тадқиқот бугунги Афғонистон заминида яшаётган ва сақланиб қолган туркий-ислом маданияти обидаларини, аждодлар қолдирган меросининг бугунги ҳолатини холис ва жонли равишда ўзбек китобхонига етказиб бериши билан муҳим аҳамиятга эга.

Айтиш керакки, Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик шоир, ёзувчи ва журналист Шаҳриёр Шавкатнинг Афғонистонга қилган сафари таассуротларига асосланган “Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига” номли янги китобининг тақдимоти баланд, самимий руҳда ўтди.

Тақдимот маросимида Туркия ва Турк дунёси вакиллари – 20 га яқин турли жамият, маданий муассаса, сиёсий партия ҳамда Туркиянинг етакчи ташкилотлари мутасаддилари жам бўлишди.

Тадбир давомида “Туркистон эллари” жамияти раҳбари Ҳошим Ҳамдам, таниқли олим Темур Хўжа ўғли, Зиё Қайсорий, Жовид Туркўғли, шунингдек, тарихчи Баҳром Ирзаев ва Нурали Қаҳрамон каби бир қатор фаоллар сўзга чиқди.
Кеча якунида йиғилганларга “Жадид кутубхонаси” рукнида чоп этилган бир қатор нашрлар туҳфа этилди.
Н.Усмонова,
ЎзА