Туркия юк ва тиббиёт транспорти учун дрон магистрали яратади
Туркия дрон учун махсус ҳаво йўлаги очишни режалаштирган. Бу узоқ масофага ва кўриш чегарасидан ташқарида мустақил парвоз амалга ошириш имконини беради.
– Бундай тизимни ишга тушириш учун ҳуқуқий асос аллақачон яратилган, – деди қардош мамлакат транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Ўрол ўғли.
Унинг сўзларига кўра, йўналишлар рақамли тарзда белгиланади, кириш-чиқиш нуқталари, сиғим ва учоқлар орасидаги хавфсиз масофа кўрсатилади. Парвозни Фуқаро авиацияси бош бошқармасига қарашли марказлашган тизим мувофиқлаштиради. Агар алоқа узилса, ўзи учар қурилма олдиндан белгиланган фавқулодда ҳудудга йўналтирилади.
Махсус йўлаклар шаҳарлар аро юк ташиш, касалхоналар ўртасида қон, дори-дармон ва вакцина тарқатиш, шунингдек ороллар ва бошқа бориш қийин аҳоли манзилларини таъминлаш учун хизмат қилади. Шунингдек, дронлар завод, порт ва саноат ҳудудларига эҳтиёт қисмлар етказиб бериш, транспорт ҳамда энергетика инфратузилмаси ҳолатини кузатиш имконига ҳам эга бўлади.
Табиийки, ҳаваскор парвоз учун очилмайдиган бундай йўлакдан фақат зарур ҳужжати бор учувчилар, зарур рухсатномага эга ва алоҳида рўйхатдан ўтган учувчисиз учиш қурилмаларига эга ваколатли компаниялар фойдаланиши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА