Туманларда “Саломатлик марафони”
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, турли хил касалликларни даволаш, уни барвақт аниқлаш, хавф омилларининг олдини олишга қаратилган “Саломатлик марафони” ойлиги туманларда давом этмоқда.
Мингбулоқ туманида старт олган, 30-сентябрга қадар давом этиши режалаштирилган марафон “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” акцияси билан бошланиб, унда туман тиббиёт бирлашмаси тизимида фаолият юритаётган юзлаб шифокор ва ҳамширалар иштирок этди.

Тадбирлар доирасида вилоят марказидан олис туманга келган онколог, окулист, травматолог ва бошқа етти йўналишдаги тор доира мутахассислари аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Бу эса айниқса мураккаб касалликларни эрта аниқлаш, зарур беморларни кейинги босқичда даволанишга йўналтириш имконини кенгайтирмоқда.
Эътиборлиси, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар нафақат кўп тармоқли марказий поликлиника, балки Серҳаракат, Қолгандарё, Пахтакор ва Фаровон маҳаллаларида жойлашган оилавий поликлиникаларда ҳам уюштирилдики, бу энг аввало, аҳоли учун янада қулайлик бўлди. Инсон саломатлигини текширтириш учун узоқ масофа босиб ўтиши шарт эмас, зарур тиббий хизматлар маҳалланинг ўзига яқинлаштирилмоқда.

– Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги бундай хайрли ишлар вилоятимизнинг чекка манзилларига ҳам етиб бораётганидан беҳад хурсандмиз, – дейди Гулистон маҳалласида истиқомат қилувчи Улфатой Маҳрамова. – Наманган шаҳридан келган малакали шифокорлар келишганидан унумли фойдаланган ҳолда бутун оила аъзоларимиз билан бирга тиббий кўрикдан ўтишга муяссар бўлдик.
Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Обиджон Қўлдошевнинг айтишича, марафоннинг илк кунидаёқ 720 нафар мингбулоқлик фуқаро тиббий кўрикда қатнашди. Шундан 36 нафари мамография, 112 нафари ЭКГ текширувидан ўтказилди. Зарур ҳолларда беморларга даволаниш учун стационарларга йўлланмалар берилди.

Мингбулоқ туманининг аҳоли гавжум ҳудудларида ташкил этилган “саломатлик нуқталари” ҳам марафоннинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Кўриклар давомида соғлигида ўзгаришлар аниқланган фуқаролар қўшимча тиббий текширувларга йўналтирилмоқда. Бундан муддао эса касалликни кеч аниқлаб, мураккаб даволашдан кўра, уни илк босқичида аниқлаш ва ўз вақтида чора кўришдир.

Эътиборлиси шундаки, тиббий профилактик ишлари тиббиёт муассасалари билангина чекланмасдан, мактаблар ва боғчаларда ҳам соғлом турмуш тарзи, касалликларнинг олдини олиш ва саломатликни асрашга қаратилган профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда.

“Саломатлик марафони” давомида пиёда юришдан тортиб, тиббий кўрик, эрта диагностика, профилактика, мутахассислар маслаҳати ва аҳоли билан тушунтириш ишларигача бўлган жараёнлар изчил давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.