Янги давр ҳуқуқшунослари учун муҳим билимлар берилди
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида “Жаҳон савдо ташкилоти ҳуқуқи доирасида яшил иқтисодиёт, энергетика ва инвестиция ҳуқуқи” мавзусида халқаро семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Германиянинг “Konrad Adenauer” номидаги жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тренингда Жаҳон савдо ташкилоти ҳуқуқининг асосий тамойиллари, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни, яшил иқтисодиёт, қайта тикланувчи энергия, карбон солиқлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди.

Хорижий экспертлар иштирокида халқаро савдо қоидаларини амалиётда қўллаш, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда инвесторлар учун барқарор ҳуқуқий муҳит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда қайд этилганидек, асосий мақсад — ҳуқуқшуносларни Ўзбекистоннинг янги иқтисодий ва халқаро ҳуқуқий шароитларида ишлашга тайёрлаш, замонавий билим ва амалий кўникмаларини оширишдан иборат.
Тадбир якунида иштирокчилар савол-жавоб ва кейслар таҳлилида қатнашиб, сертификатлар билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева,ЎзА