8 сентябргача 114 та давлат музейига бепул кириш мумкин
Музейлар — ўтмиш ва келажакни боғлаб турувчи ноёб хазина. У ерда нафақат тарихий экспонатлар ва қадимий ашёларни кўриш, балки инсоният цивилизацияси, маданияти ва санъати ривожланиш йўлини ҳис қилиш мумкин.
Хусусан, қадимий осори-атиқалар, минг йиллар олдин яшаган инсонларнинг меҳнат қуроллари, уй-рўзғор буюмлари ва сопол идишлари, ноёб қўлёзмалар, қадимий китоблар, хатлар, тангалар ва тарихий ҳужжатлар, санъат дурдоналари, машҳур рассомларнинг ранг-тасвир асарлари, ҳайкаллар ва миллий ҳунармандчилик намуналари ҳамда жанг ва қурол-аслаҳалари, қадимги даврларда ишлатилган совутлар, қиличлар, камонлар ва бошқа ҳарбий анжомларни айнан музейларда кўриш мумкин.
Тарих, санъат ва эстетика ихлосмандлари учун ажойиб янгилик эълон қилинди. Жумладан, 8 сентябргача “Музейлар ҳафталиги” доирасида мамлакатимиз бўйлаб 114 та давлат музейига кириш бепул.

Бу, оила ёки дўстлар билан бир кунни тарих, санъат ва янги таассуротларга бағишлаш учун яхши имконият.
Г.Бобоева, ЎзА