Туман ҳокими мактабларда очиқ мулоқот ўтказмоқда
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи тумани ҳокими Акбарали Ишмурзоев умумтаълим мактабларида бўлиб, устозлар билан таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, 11-синф ўқувчиларининг фанларни чуқур ва мукаммал ўзлаштириши юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишмоқда.
Ёш авлоднинг чуқур таълим-тарбия олишига қаратилаётган мулоқотларда битирувчи-ёшларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши, ўзлари қизиққан соҳаларни танлаши ва келажакда муносиб кадрлар бўлиб камолга етишиши учун мамлакатимизда барча шароит яратилганини алоҳида таъкидламоқда. Жамиятда ўз ўрнини топишда илм-фаннинг аҳамияти ҳақида фикр алмашиб, уларга таклиф ва тавсияларини билдирмоқда.

Тумандаги 3-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган учрашувда ҳам шу ҳақда атрофлича сўз юритилди. Туман ҳокими ўғил-қизларга мустақил ҳаётга қадам ташлаш учун ҳозирдан аниқ бир касбнинг этагидан тутиб, ота-оналари ва устозлари маслаҳатларига таянишни, аъло баҳоларга ўқишни тавсия этди.

Ўқитувчилар билан суҳбатда ҳар бир битирувчининг орзуси ва интилиши рўёбга чиқиши учун педагог масъулияти хусусида фикр алмашиб, устозларнинг таълим сифатини янада ошириш йўлида доимий изланиши битирувчи синфлар ўқувчиларининг катта ҳаёт остонасида муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Шу куни туман ҳокимининг 36-умумтаълим мактабида ҳам устозлар ва битирувчи синфлар ўқувчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Жорий йилда Шўрчи туманидаги 75 та умумтаълим мактабини 2 минг 800 дан ортиқ ўғил-қиз битириб, мустақил ҳаётга йўлланма олади. Туман раҳбарининг ҳозирдан улар билан учрашиб, ўз орзу-истакларини рўёбга чиқаришга руҳлантираётгани мактаб битирувчиларининг чуқур билим олиб, жамиятда ўз ўрнини топишига туртки бўлади. Устозларини ўз касбига кўпроқ меҳр уйғотиб, бетиним изланишга, педагоглик масъулиятини ошириб, ўқувчиларга сифатли таълим-тарбия беришга ундайди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири