Меҳнат миграциясида янги ёндашув – билим, малака ва муносиб иш (+видео)
Хорижда ишлаш истагидаги инсон учун муносиб иш топиш билан бирга, ўша мамлакатнинг меҳнат бозори талабларига тайёр бўлиш ҳам муҳим. Бунинг учун касб-ҳунарни эгаллаш, чет тилини билиш, зарур кўникма ва тажрибага эга бўлиш талаб этилади. Албатта, бу йўлда фуқарога кўмак бериш, уни иш берувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб тайёрлаш, касбий малакасини ошириш ва муносиб иш ўрнига йўналтириш муҳим.
Бундай тайёргарлик инсоннинг хорижда ўз касби бўйича ишлаши, янги муҳитга тезроқ мослашиши ва меҳнат фаолиятини ишонч билан бошлашига ёрдам беради.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан ташкил этилган марказда ушбу жараёнлар ўзаро узвий боғлиқ ҳолда ташкил этилган. Бу ерда хорижда ишлаш истагидаги фуқаролар касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитилади, иш берувчиларнинг талабларига мувофиқ касбий тайёргарликдан ўтказилади, малакаси баҳоланади ва муносиб иш ўринларига йўналтирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 2 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги “Интил” халқаро тил ва касбга ўқитиш маркази фаолияти билан танишди. Ташриф давомида марказда яратилган шароитлар, хорижий меҳнат бозори талабларига мослаштирилган таълим дастурлари, касбий тайёргарлик йўналишлари ҳамда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда меҳнат миграцияси ҳамда хорижда ишлаш истагидаги аҳолини тил ва касбларга мақсадли ўқитиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
– Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида ёшларнинг тил ўрганиш ва касб-ҳунар эгаллашга интилиши зарурлигини доимо таъкидлаб келадилар. Марказга “Интил” номининг берилиши ҳам айни шу ғоядан келиб чиққан, — деди Касбий таълим агентлиги директори Азимжон Хусанов.
Агентлик директорининг таъкидлашича, марказнинг бошқа касбга тайёрлаш муассасаларидан асосий фарқи – таълим жараёни муайян мамлакатдаги иш берувчиларнинг аниқ талабларига мослаштирилганидир. Масалан, электр ускуналари билан ишлашда ҳам давлатлар ўртасида техник фарқлар мавжуд. Германияда қўлланиладиган электр тизими Япониядагидан фарқ қилади. Шу боис марказда ўқув дастурлари, қўлланмалар, машғулотлар ва тест жараёнлари бевосита иш берувчилар иштирокида ташкил этилади. Бу эса фуқароларнинг айнан борадиган мамлакати ва иш жойи талабларига мос тайёргарлик кўришига имкон беради.
“Интил” марказининг фаолияти, хорижий иш берувчилар билан ҳамкорлик ва фуқароларни касбга тайёрлаш жараёни ҳақида батафсил қуйидаги видеолавҳада:
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
Анвархўжа АҲМЕДОВ (видео),
ЎзА