Транспорт соҳасида яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?
Бугунги кунда мамлакатимизда нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, транспорт хизматлари соҳасида ҳам шаффофликни таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри жамоат транспорти ҳамда Метрополитенда йўл ҳақи тўловларида нақд пулдан воз кечилиб, тўлиқ электрон тўлов жорий қилинди.
Натижада автобус йўналишида йўловчи оқими 2024 йилга нисбатан 26 фоизга, пул тушуми эса 16 фоизга кўпайди. Йўловчи ташишлар умумий ҳажмида жамоат транспортининг улуши 18 фоиздан 38,5 фоизга етказилди.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси мажлисида айтиб ўтилди. Унда депутатлар Транспорт вазирлигининг транспорт соҳасида яширин иқтисодиётни қисқартириш, соҳани рақамлаштириш ҳамда юк ташиш тизимида шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборотини эшитди.
Ахборотда келтирилганидек, вазирлик томонидан “E-Logistika” ахборот тизими доирасида соҳага оид муҳим технологик ечимлар амалга оширилган. Мазкур тизим юк ташиш соҳасидаги муносабатларни самарали тартибга солиш, хизматлар бозорининг шаффофлигини таъминлаш ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантиришга қаратилган.

Ушбу платформа орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан онлайн буюртмалар бериш, шартномалар тузиш ҳамда тўловларни амалга ошириш имкониятлари яратилган. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўлов миқдорини мустақил белгилаш, кўрсатилган хизматлар сифатини баҳолаб бориш имкониятлари йўлга қўйилаётгани айтиб ўтилди.
Эшитув давомида депутатлар транспорт соҳасида соғлом рақобат муҳитини янада жонлантириш, хизматлар сифати назоратини кучайтириш, марказий шаҳарлардаги брутто-шартнома йўналишларида йўл ҳақини тўлашни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, электрон тўлов тизимини оммалаштириш, ички юк ташувларида яширин иқтисодиёт улушини янада камайтириш борасида тегишли таклиф-тавсиялар бердилар. Жойлардаги ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан бир қатор саволларни ўртага ташладилар.
М.Комилова,
ЎзА