Қурилишда сифатсиз маҳсулотлар аниқланиб, утилизация қилинди
Хоразм вилоятининг Хонқа туманида барпо этилаётган 7 қаватли турар жой биноси қурилишида сифат талабларига жавоб бермайдиган қурилиш маҳсулотларидан фойдаланиш ҳолати аниқланди. Назорат органлари томонидан ўтказилган текширувлар давомида меъёрий ҳужжатларга номувофиқ бўлган темир-бетон плиталар муомаладан қайтарилиб, белгиланган тартибда утилизация қилинди.
Маълум бўлишича, темир-бетон плиталар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “N.M” ХК томонидан қурилаётган кўп қаватли уй учун 16 дона сифат талабларига жавоб бермайдиган темир-бетон плита етказиб берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан корхонага номувофиқ маҳсулотларни муомаладан қайтариб олиш ҳамда уларни утилизация қилиш бўйича тақдимнома киритилди.
Шундан сўнг тадбиркорлик субъекти ва назорат органлари вакиллари иштирокида маҳсулотлар белгиланган тартибда утилизация қилинди.
Мутахассислар ишлаб чиқарувчи корхонага келгусида меъёрий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этиш зарурлигини эслатиб, акс ҳолда қонунчиликка мувофиқ қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА