Трамп яна босимни кучайтирди: ЕИга 4 июлгача муҳлат берилди
АҚШ Президенти Дональд Трамп Европа Иттифоқини янги тариф таҳдиди билан яна босим остига олди. Унинг баёнотига кўра, Брюссель 4 июлгача савдо келишувидаги мажбуриятини тўлиқ бажармаса, кўҳна қитъа маҳсулотларига нисбатан бож кескин оширилади.
Америка етакчиси Урсула фон дер Ляйен билан мулоқотдан кейин ижтимоий тармоқда чиқиш қилиб, ЕИ Шотландияда эришилган келишув шарти бажарилиши кечикаётганини айтди. Вашингтон Европа томонидан АҚШ товарлари учун тариф нолга туширилишини талаб қилмоқда.
Бу баёнот Европа автомобил саноати учун жиддий хавотир уйғотмоқда, чунки АҚШ аввал бу қитъа автомобилларига 25 фоиз тариф жорий этиш билан таҳдид қилган. Мутахассислар фикрича, бундай қарор Германия каби давлатлар иқтисодиётига кучли зарба бериши, ишлаб чиқариш қуввати Европадан чиқиб кетишини тезлаштириши мумкин.
Айни пайт Европа парламенти ва аъзо давлатлар келишувни амалга ошириш бўйича музокарани давом эттирмоқда. Брюссель эса 4 июлгача қонунчилик жараёни якунланишига ишонч билдиряпти. Шу билан бирга ЕИ хавфсизлик соҳасида ҳам фаоллашиб, Польша ва Литвага миллиардлаб евролик мудофаа кредити ажратиш жараёнини бошлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА