Трамп: АҚШ маъмурияти Боку ва Ереван ўртасида самарали тинчлик музокараларини интиқлик билан кутмоқда
Президент Дональд Трамп Боку энергетика ҳафталиги иштирокчиларига хат йўллади. Мактубни тадбир очилиши маросимида АҚШ Давлат котибининг иқтисодий, энергетика ва бизнес масалалари бўйича ўринбосари Жорж Орр ўқиб эшиттирди.
Америка раҳбари мактубида Қўшма Штатлар Озарбайжон нефть ва газ саноатининг кучли тарафдори эканлигини таъкидлади ҳамда келгусида икки мамлакат ўртасидаги глобал энергия хавфсизлиги соҳасидаги мустаҳкам шериклик аҳамияти ортиб боришига қатъий ишончини билдирди.
Бундан ташқари, Трамп хатда Вашингтондаги саммит давомида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида узоқ муддатли тинчликка эришилганига ҳам тўхталган.
– Маъмуриятимиз июнь ойида ушбу масала бўйича самарали музокараларни интиқлик билан кутмоқда, – деб ёзади Дональд Трамп. – Биргаликда тинчликни ривожлантирамиз, фаровонликни мустаҳкамлаймиз ва минтақангиз ва дунё учун янада хавфсиз келажак қурамиз. Яна бир бор Боку энергетика ҳафталиги муваффақияти билан табриклайман.
С.Раҳимов, ЎзА