Венесуэлада даҳшатли зилзила юз берди
Венесуэлада 39 сония оралиғида содир бўлган 7,2 ва 7,5 магнитудали икки кучли зилзила оқибатида беқиёс вайронгарчилик кузатилди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, қутқарув ишлари давом этяпти.
Мамлакат сўнгги юз йилликдаги энг кучли ва вайронкор табиий офатга дуч келди. 24 июнь куни Венесуэла ҳудудида икки марта кетма-кет даҳшатли ер силкиниши қайд этилди. Ер ости ҳодисаси оқибатида пойтахт Каракас ва ушбу шаҳарга яқин йирик аҳоли манзилларида кўплаб турар жой ҳамда маъмурий бинолар қулаб тушган. Расмийлар қурбонлар ва жабрланганларнинг аниқ сонини ҳали эълон қилмаган бўлса-да, вайрона остида минглаб одам қолаётгани сабабли ҳалок бўлганлар 10 мингдан 100 минг кишигача етиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Юзага келган машъум ҳолат туфайли Венесуэла Президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес мамлакатда зудлик билан фавқулодда ҳолат тартибини жорий этди. Ҳозир Каракас халқаро аэропорти ёпилган, метро ва темир йўл транспорти ҳаракати бутунлай тўхтатилган. Ҳукумат раҳбари аҳолини ваҳимага берилмаслик, шикастланган хавфли иншоотлардан узоқроқ туришга чақирди. Сейсмологлар ушбу офатни мамлакат тарихидаги энг даҳшатли зилзилалардан бири сифатида баҳоламоқда. Маҳаллий аҳоли бу воқеани 200 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган, айниқса Палос Гранде ва Альтамира туманларини вайрон қилган 1967 йилдаги кучли зилзила билан қиёсламоқда. Вайроналар орасида қутқарув ишлари давом этмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА