“Трамадол” гиёҳвандлик таблеткаси манзилига етолмади
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Сариосиё” чегара божхона постида хорижлик фуқаро 527 дона “Трамадол” гиёҳвандлик таблеткасини мамлакатимиз ҳудудига олиб киришга уринганида қўлга тушди.
Божхона постининг кириш йўналишидаги пиёдалар залига кириб келган хориж фуқароси божхона назоратидан ўтказиш учун боди сканер қурилмасига йўналтирилди. Назорат чоғида у эгнидаги шимининг чап чўнтагида бўлган, қора рангли полиэтилен пакетга ўралган номаълум буюмни сканер ичига ташлаб юборгани аниқланди.

Шубҳали пакет “Сариосиё” чегара божхона пости, туман ички ишлар ходимлари ва Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида холислар иштирокида кўздан кечирилганида унга ўралган 527 дона оқ рангли, силиндрсимон таблетка ҳамда 10,1 грамм майдаланган кукунсимон модда топилди. “TrueNarc” русумли наркотесторида ўтказилган текширувда таблеткалар таркибида қонунчиликда гиёҳвандлик воситалари туркумига киритилган “Трамадол” моддаси борлиги маълум бўлиб қолди.

Айни пайтда ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири