Тожикистонлик футзалчилар Тошкентда, ўзбекистонлик шахматчилар Душанбеда
Бугун, 10 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида футзал бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон миллий терма жамоалари ўртасидаги иккинчи ўртоқлик учрашуви ўтказилса, Тожикистон пойтахти Душанбеда шахмат бўйича “2nd President's Cup of the Republic of Tajikistan 2026” турнири бошланади.
Бундан икки кун муқаддам, яъни 8 ноябрь куни Ўзбекистон-Тожикистон футзал жамоалари ўртасидаги қарама-қаршиликнинг илк ўйинида ҳамюртларимиз 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Баҳодир Аҳмедов бош мураббийлигидаги футзалчиларимиз кеча бўлажак баҳс олдидан ўтказган сўнгги машғулотлар давомида рақибнинг ўйин услубидан келиб чиқиб, тактика ва комбинациялар устида иш олиб борди.

Айтиш лозим, ФИФА кунлари доирасида ўтаётган ушбу ўртоқлик ўйини футзалчиларимиз учун Осиё кубогига тайёргарликнинг муҳим босқичи ҳисобланади.
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида шахмат бўйича ўтаётган “2nd President's Cup of the Republic of Tajikistan 2026” мусобақасида 16 мамлакатдан 256 нафар шахматчи қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг 51 нафар аъзоси “А” ва ”Б” гуруҳларида дона суради.
Умумий мукофот жамғармаси 50 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг “А” гуруҳи учун 38 минг 500 доллар, “Б” гуруҳи учун 11 минг 500 доллар этиб белгиланган.
9 та турдан иборат шахмат мусобақалари 17 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА