Тозалик - обод маҳалла мезони
Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати Алижон Жалилов ташаббуси билан Навоий давлат университетининг эковолонтёр талабалари иштирокида Навоий шаҳридаги Фаровон маҳалласида экологик акция ташкил этилди.
Мазкур тадбир Президентимизнинг жорий йил 23 сентабрда қабул қилинган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш ҳамда “Тозалик ва озодалик долзарб икки ойлиги” доирасида ўтказилди.

Тадбир аввалида таъкидланганидек, атроф-муҳит мусаффолиги, кўчалар ва жамоат жойларининг озодалиги, яшил ҳудудларнинг ободлиги жамиятнинг экологик маданиятини намоён этадиган муҳим мезонлардан биридир. Бундай эзгу мақсадларга эришишда нафақат тегишли ташкилотлар, балки ҳар бир фуқаронинг масъулияти, айниқса, ёшларнинг фаоллиги муҳим аҳамият касб этади.
Дастлаб иштирокчиларга Фармоннинг мазмун-моҳияти, белгиланган вазифаларнинг аҳамияти ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида тушунтириш берилди. Суҳбат давомида экологик маданиятни юксалтириш, маиший чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш, умумий фойдаланишдаги ҳудудларни асраб-авайлаш ва тозаликни кундалик турмуш тарзига айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Экологик акция иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Экологик партиясининг беш йиллиги муносабати билан барпо этилган боғ, пиёдалар йўлаклари, ариқлар ичида ва ҳудуднинг турли нуқталарида тўпланиб қолган маиший чиқиндилар йиғиштирилди. Тўпланган чиқиндилар махсус контейнерларга жойлаштирилди.

Тадбир якунида акцияда фаол иштирок этган эковолонтёр талабаларга ташаккурномалар топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири