Ижтимоий ҳимоя: оилалар ишончини қозониш менга куч беради
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, уларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Бунда маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимларнинг ўрни аҳамиятли.
Буни Қашқадарё вилояти Касби туманидаги Хўжахайрон маҳалласида фаолият юритаётган ижтимоий ходим Чарос Йўлдошова фаолиятида ҳам кўриш мумкин.
Ўз ишини аҳолининг турмуш шароитини ўрганиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни аниқлаш ва уларга зарур ёрдам кўрсатишга қаратган Чарос Йўлдошова маҳалладаги бир қанча оилаларнинг оғирини енгил, кундалик ҳаётдаги муаммоларни ҳал этиш, келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашга астойдил ҳаракат қилмоқда.

Бугунги кунда Хўжахайрон маҳалласида 6 минг 567 нафар аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг орасида ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилалар ҳам бор ва улар доимий эътибор ва кўмакка муҳтож. Чарос Йўлдошова асосий эътиборни у оилаларнинг шароитини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳар бир ҳолатга алоҳида ёндашишга қаратади. Натижада шу кунга қадар 94 та ижтимоий иш очилиб, ҳар бир фуқаро ёки оиланинг эҳтиёжидан келиб чиқиб режалар тузилди. Мазкур режалар асосида зарур ижтимоий хизматлар ташкил этилиб, уларнинг натижадорлигига эришилмоқда.
Масалан, маҳалладаги 46 ёшли Нилуфар Зоированинг оиласидаги вазиятни ўрганиш жараёнида унинг уч нафар фарзанди ногирон экани аниқланди. Ижтимоий ходим ташаббуси билан ушбу оиланинг икки нафар фарзанди кундузги парвариш хизматига жалб этилди.

- Қаратилган эътибор ва ғамхўрликдан бошим кўкка етди, - дейди Н.Зоирова. – Фарзандларимни кундузги парвариш хизматига олиниши, уларнинг тарбияси ва кундалик ҳаёти билан махсус мутахассислар шуғулланаётгани зиммамдаги парвариш юкини енгиллаштирди. Бу эса бир она сифатида мени жуда қувонтирмоқда.
Айтиш жоизки, ижтимоий ходимнинг эътибори фақат бугунги муаммоларни ҳал этиш билан чекланмайди. У оилавий шароит ва ҳаётий вазиятларни ўрганиш орқали инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳам кўмаклашади. Жумладан, маҳалладаги 41 ёшли Камола Жўраева оиласига ҳам бир нечта йўналишда ижтимоий кўмак кўрсатиш орқали қувонч улашилди. Оилани ўрганиш давомида унда биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган икки нафар шахс борлиги аниқланган ва оила Ижтимоий реестрга киритилиб, моддий ёрдам тайинланган.

Бундан ташқари, К.Жўраеванинг турмуш ўртоғи узоқ йиллардан буён ётиб қолгани ва ногиронлик аравачасидан фойдаланиши инобатга олиниб, у “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида уйда парвариш хизмати билан қамраб олинди. Яшаш шароитини яхшилаш мақсадида уй-жойни таъмирлаш учун маблағ ажратилиб, таъмирлаш ишлари тўлиқ амалга оширилди. Шунингдек, фуқарога ногиронлик аравачаси ҳам тақдим этилди. Шу орқали ушбу оиланинг бир нечта муҳим эҳтиёжига ечим топилди.

Чарос Йўлдошова фаолияти билан боғлиқ бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Амалга оширилаётган бундай эзгу ташаббуслар орқали ижтимоий ходимнинг вазифаси фақат муаммони аниқлаш эмас, балки уни ҳал этиш учун мавжуд имкониятларни ишга солишдан иборат эканини кўриш мумкин.
Зеро, ҳар бир оиланинг шароити, эҳтиёжи ва имконияти турлича. Энг муҳими ижтимоий хизматлар манзилли ташкил этилиши, ёрдам ҳақиқатан ҳам унга муҳтож инсонга етиб боришига эришишдир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири