Тоза водород Ўзбекистон энергетикасида қандай ўрин эгаллайди?
Тошкентда Глобал яшил ўсиш институти (GGGI)нинг “Ўзбекистон учун тоза водород” лойиҳаси доирасида тоза водород бўйича семинар ва фокус-гуруҳ муҳокамаси ўтказилди.
Тадбирда вазирлик ва давлат идоралари, университетлар, илмий-тадқиқот ва инновация муассасалари, давлат корхоналари, миллий саноат ва энергетика компаниялари, шунингдек, хусусий сектор ва тармоқ ассоциациялари вакиллари иштирок этди.
Унда сўзга чиққанлар мазкур ташаббус Ўзбекистонда тоза водородни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилганини таъкидлади. Лойиҳа доирасида институционал салоҳиятни ошириш, далилларга асосланган ечимларни ишлаб чиқиш, манфаатдор томонлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва истиқболдаги инвестиция имкониятларини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мутахассислар қайд этганидек, тоза водород саноат, транспорт ва энергетика соҳаларида углерод чиқиндиларини камайтиришга ёрдам берадиган истиқболли энергия манбаларидан бири ҳисобланади. У ортиқча энергияни сақлаш, оғир саноатда анъанавий ёқилғилардан фойдаланишни камайтириш ва энергетика тизимини янада барқарор қилишда қўлланилиши мумкин. Ўзбекистон учун эса қуёш ва шамол каби қайта тикланувчи энергия манбалари салоҳиятидан фойдаланиб, тоза водород ишлаб чиқариш янги технологияларни жорий этиш ва инвестицияларни жалб қилиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Мазкур йўналиш мамлакатнинг узоқ муддатли энергетика тизимини ривожлантириш, саноатни декарбонизация қилиш ва яшил иқтисодий ўсишга ўтиш мақсадлари билан ҳамоҳанг. Мамлакатимизда тоза водород секторини ривожлантириш бўйича дастлабки қадамлар ҳам ташланган. Хусусан, Президентимизнинг тегишли қарори асосида Чирчиқда “яшил” водород ташаббуси йўлга қўйилган.
Тренингларда иштирокчилар тоза водород технологиялари, қиймат занжирлари, халқаро сиёсат ва бозор тенденциялари, лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва молиялаштириш, хавфсизлик ҳамда экологик масалалар бўйича билим ва кўникмаларини оширди.
– Мазкур лойиҳа Энергетика вазирлиги кўмагида амалга оширилиб, Корея Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Korea Green New Deal Trust Fund” (KGNDTF) жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Семинар давомида водород соҳасини ривожлантириш фақат технология, сақлаш, ташиш ва инфратузилмани ривожлантириш билан чекланмаслиги таъкидланди. Бунинг учун, аввало, зарур меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш, сертификатлаш тизимини йўлга қўйиш ва соҳада ишлайдиган мутахассисларни тайёрлаш ҳам муҳим. Бугунги каби тренинглар кадрлар салоҳиятини оширишга хизмат қилади, – деди Энергетика вазирлиги департаменти бошлиғи ўринбосари Ойбек Рихсибоев.
Тадбир доирасидаги фокус-гуруҳ муҳокамасида иштирокчиларнинг фикр ва таклифлари ўрганилиб, Миллий тоза водород йўл харитаси лойиҳасининг асосий йўналишлари таҳлил қилинди. Бу жараён ҳужжатни Ўзбекистоннинг миллий устувор вазифаларига мослаштириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни инобатга олиш ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА