Халқаро ҳамкорлик: Қашқадарё ва Навоийда замонавий оқова сув инфратузилмаси яратилади
Аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, коммунал хизматлар сифатини ошириш ва ҳудудларда замонавий муҳандислик инфратузилмасини барпо этиш бугунги тараққиётнинг муҳим шартларидан биридир. Айниқса, оқова сув тизимларини ривожлантириш нафақат аҳоли учун қулайлик яратиш, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва санитария ҳолатини яхшилашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис мамлакатимизда мазкур соҳани модернизация қилиш, янги тозалаш иншоотлари ва оқова сув тармоқларини барпо этишга қаратилган йирик лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Бу борада халқаро молия институтлари ва хорижий ҳамкорлар билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай ҳамкорликнинг навбатдаги амалий натижаси сифатида Франция тараққиёт агентлиги ва Европа Иттифоқи иштирокидаги лойиҳалар доирасида муҳим шартномалар имзоланди.
Тадбирда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Европа Иттифоқи делегацияси, Франция тараққиёт агентлиги, қурилиш ва техник назорат компаниялари вакиллари ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбарияти иштирок этди.
Имзоланган ҳужжатлар Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказида оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш, шунингдек, Навоий вилоятининг Кармана туманида оқова сув тизимларини барпо этишга қаратилган.
Лойиҳалар доирасида оқова сувларни тозалаш иншоотларини қуриш бўйича қурилиш шартномалари, шунингдек, техник назорат ва консалтинг хизматларини кўрсатиш бўйича шартномалар имзоланди.
Мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 119 миллион еврони ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасидаги қарз битими 2022 йил 25 мартда имзоланган. Лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Франция тараққиёт агентлиги орқали Европа Комиссияси томонидан 8,15 миллион евро миқдорида грант ҳам ажратилган.
Қашқадарё вилоятидаги лойиҳа Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказида оқова сув хизматларини тубдан яхшилашга хизмат қилади.
Бу ерда жами 53 минг куб метр/сутка қувватга эга иккита оқова сув тозалаш иншооти барпо этилади. Шунингдек, 521,2 километр оқова сув тармоқлари қурилади ва реконструкция қилинади, 10 та насос станцияси барпо этилади.
Лойиҳа натижасида 51 та маҳаллада истиқомат қилувчи 240,4 минг нафар аҳоли оқова сув хизматлари билан қамраб олинади.
Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири Китоб тумани марказида илк бор марказлашган оқова сув хизматининг йўлга қўйилишидир. Бугунги кунда мазкур ҳудудда марказлашган канализация тизими мавжуд эмас. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 63,4 минг нафар аҳоли оқова сув хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Ҳудудда қамров даражаси 81 фоизга етказилади.
Шаҳрисабз шаҳрида эса мавжуд тизимни кенгайтириш ва қамровни сезиларли ошириш кўзда тутилган. Айни пайтда шаҳарда оқова сув хизматлари билан қамров 8 фоизни, яъни 19,6 минг нафар аҳолини ташкил этади.
Лойиҳа якунлангач, ушбу кўрсаткич 86 фоизга, яъни 177 минг нафар аҳолига етказилади.
Бу эса Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб туманида оқова сув инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини ошириш имконини беради.
Навоий вилоятининг Кармана туманида ҳам оқова сув тизимини комплекс ривожлантиришга қаратилган ишлар амалга оширилади.
Бу ерда 9 минг 800 куб метр/сутка қувватга эга оқова сув тозалаш иншооти, 161 километр оқова сув тармоқлари ҳамда 5 та насос станцияси қурилади.
Натижада тумандаги 14 та маҳаллада истиқомат қилувчи 54,9 минг нафар аҳолининг 49,4 минг нафари илк бор оқова сув хизматлари билан қамраб олинади. Ҳудудда хизматлар қамрови 90 фоизга етказилади.
Эътиборлиси, мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида Шаҳрисабз, Китоб ва Кармана ҳудудларида нафақат янги оқова сув тармоқлари ҳамда тозалаш иншоотлари барпо этилади, балки соҳада хизмат кўрсатишнинг замонавий тизими шакллантирилади.
Бунинг экологик аҳамияти ҳам беқиёс. Оқова сувларни замонавий технологиялар асосида самарали тозалаш орқали сув ресурсларини муҳофаза қилиш, тупроқ ва сув ҳавзаларининг ифлосланишининг олдини олиш, ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш учун мустаҳкам инфратузилмавий асос яратилади.
Бугун имзоланган шартномалар “Ўзсувтаъминот” АЖнинг Франция тараққиёт агентлиги ва Европа Комиссияси билан ҳамкорлигининг навбатдаги муҳим босқичини бошлаб берди. Эндиликда эътибор лойиҳаларни сифатли ва белгиланган муддатларда амалга оширишга қаратилади.
Энг муҳими, ушбу лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилгач, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида юз минглаб аҳолининг оқова сув хизматларидан фойдаланиш имконияти кенгаяди. Замонавий инфратузилманинг барпо этилиши эса аҳоли учун янада қулай ва соғлом яшаш муҳитини яратиш, ҳудудларнинг экологик барқарорлигини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА