Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотида АКТ хизматларининг улуши 2,9 фоизга етди
Рақамли иқтисодиёт мамлакат иқтисодий ўсишининг муҳим драйверларидан бирига айланмоқда
Ўзбекистон иқтисодиётида ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳасининг аҳамияти йил сайин ошиб бормоқда. Буни ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) таркибида АКТ хизматларининг улуши изчил ўсиб бораётгани ҳам кўрсатади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида АКТ хизматларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2,9 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврида 2,4 фоиз, 2025 йилда эса 2,8 фоиз бўлган.
Шундай қилиб, икки йил ичида АКТ хизматларининг ЯИМдаги улуши 0,5 фоиз бандга, бир йилда эса 0,1 фоиз бандга ошган. Бу рақамлар АКТ соҳасида яратилган иқтисодий қиймат ҳажми ва унинг миллий иқтисодиётдаги роли ортиб бораётганини англатади. 2026 йил январь–июнь ойларида АКТ хизматлари соҳасида 30,3 триллион сўмлик ялпи қўшилган қиймат яратилган.
Ушбу кўрсаткичнинг асосий қисми компьютер дастурлаштириш, маслаҳат бериш ва бошқа ёрдамчи хизматлар ҳиссасига тўғри келган. Мазкур йўналишнинг АКТ хизматларида яратилган ялпи қўшилган қийматдаги улуши 53,6 фоизни ташкил этган. Бу эса Ўзбекистонда АКТ соҳасининг оддий телекоммуникация хизматларидан ташқари, дастурий маҳсулотлар, IT-аутсорсинг, рақамли консалтинг ва технологик ечимлар яратиш ҳисобига ҳам ривожланаётганини кўрсатади.
Ялпи қўшилган қиймат таркибида 53,6 фоиз — компьютер дастурлаштириш, маслаҳат бериш ва бошқа ёрдамчи хизматлар, 28,9 фоиз — алоқа хизматлари, 10,5 фоиз — маълумотларни жойлаштириш ва уларга ишлов бериш хизматлари ҳамда веб-порталлар, 4,4 фоиз — дастурий таъминот, 2,6 фоиз — компьютерлар ва алоқа ускуналарини таъмирлаш хизматлари ҳиссасига тўғри келган.
Рақамларга эътибор қаратилса, АКТ хизматларида энг катта улуш дастурлаштириш ва IT билан боғлиқ интеллектуал хизматларга тўғри келаётганини кўриш мумкин. Бу рақамли иқтисодиётда қўшилган қиймат яратиш жараёни тобора кўпроқ билим, технология ва юқори малакали кадрларга боғлиқ бўлаётганидан далолат беради.
АКТ хизматлари таркибида компьютер дастурлаштириш, маслаҳат бериш ва бошқа ёрдамчи хизматларнинг 53,6 фоизлик улуши алоҳида аҳамиятга эга.
Чунки айнан шу йўналиш рақамли трансформациянинг энг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланади. Корхоналарнинг автоматлаштирилиши, электрон хизматларнинг кенгайиши, сунъий интеллект, булутли технологиялар, рақамли платформалар ва мобил иловаларга бўлган талабнинг ортиши дастурий ечимларга эҳтиёжни кучайтирмоқда. Алоқа хизматларининг 28,9 фоизлик улуши эса рақамли иқтисодиётнинг техник инфратузилмаси ҳам муҳим ўрин тутишини кўрсатади. Интернет ва телекоммуникация инфратузилмаси қанчалик ривожланса, электрон тижорат, рақамли банк хизматлари, масофавий таълим ва давлат электрон хизматларидан фойдаланиш имкониятлари ҳам шунчалик кенгаяди.
АКТ хизматларининг ЯИМдаги улуши 2024 йилдаги 2,4 фоиздан 2026 йилда 2,9 фоизга етгани ижобий тенденциядир. Бироқ бу улушни янада ошириш учун нафақат IT хизматлари ҳажмини кўпайтириш, балки юқори қўшилган қийматга эга рақамли маҳсулотлар экспортини ривожлантириш ҳам муҳим.
Айниқса, дастурий таъминот, IT-аутсорсинг, булутли хизматлар, маълумотларни қайта ишлаш ва сунъий интеллект технологиялари келгусида янги экспорт йўналишларини шакллантириши мумкин.
Умуман, 2026 йилнинг биринчи ярми якунлари АКТ соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётида тобора муҳим ўрин эгаллаётганини кўрсатмоқда. ЯИМдаги улушнинг изчил ўсиши ва 30,3 триллион сўмлик ялпи қўшилган қиймат яратилиши рақамли технологиялар энди фақат алоҳида IT сектори эмас, балки иқтисодий ўсишнинг муҳим таркибий қисмига айланаётганини кўрсатади.
Ш.Маматуропова, ЎзА