Тоза ичимлик суви яхшиланади
Бухоро вилояти Ромитан туманида Осиё инфратузилма инвестициялари банки (ОИИБ) иштирокида амалга оширилаётган йирик лойиҳа доирасида янги босқич ишларига киришилди. Бу борада “Бухоро сув таъминоти” АЖ ҳамда “Mine Construction Alliance S.R.O. & SMK Ulusal Insaat ve Ticaret A.S.” (Чехия–Туркия) консорциуми ўртасида пудрат шартномаси имзоланган.
Шартнома 2025 йил 7 май куни кучга кирган бўлиб, унга кўра Ромитан туманида “Марказий”, “Ўтабек”, “Арабон”, “Муғонча”, “Чилонғу”, “Пулгўшак” ва “Хоса” сув тақсимлаш иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, шунингдек, 334,7 километр ичимлик суви тармоқларини барпо этиш режалаштирилган.

Бугунги кунда лойиҳа доирасида амалий ишларни кўздан кечириш мақсадида махсус ишчи гуруҳ ҳудудда бўлди. Ишчи гуруҳ таркибида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори Шуҳрат Вафаев ҳам бўлиб, у Ромитан туманида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари билан яқиндан танишди. Шунингдек, вилоят ҳокимининг ўринбосари Жалол Арашов, “Бухоро сув таъминоти” АЖ масъуллари ҳамда лойиҳа консультанти ва пудратчи вакиллари билан учрашувда ишларнинг сифатли бажарилиши масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумот учун, ОИИБ ҳамкорлигида Бухоро вилоятида жами 12 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 7 таси ичимлик суви (Қоровулбозор, Ромитан, Пешку, Жондор туманлари, Бухоро ва Когон шаҳарлари ҳамда туманлари, шунингдек марказий иншоотлар) ва 5 таси оқова сув (Қоровулбозор, Олот, Қоракўл, Ромитан ва Ғиждувон туманлари маркази) йўналишларини қамраб олади.
Ушбу кенг қамровли лойиҳалар нафақат аҳолининг сифатли ичимлик суви билан таъминланишига, балки бутун вилоят инфратузилмасининг замонавий талабларга мос равишда ривожланишига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.