Тоза ҳаво учун бир кун автомобилсиз
Автомобиллардан чиқадиган зарарли газлар шаҳар ҳавоси ифлосланишининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Ҳеч бўлмаганда бир кун шахсий транспорт ўрнига жамоат транспорти, велосипед ёки пиёда юришни танлаш чиқиндиларни камайтириш, шовқинни пасайтириш ва шаҳар муҳитини яхшилашга хизмат қилиши мумкин.
Албатта, бир кун автомобилсиз юриш барча экологик муаммоларни ҳал қилмайди. Аммо бу одат инсонларни кундалик танловига айланар, табиатга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида ўйлашга ундар.
Маълумки, ҳар ойнинг 10 ва 25-саналарида “Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиб борилиши белгиланган. Ушбу акция доирасида вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, таълим муассасалари ҳамда кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга.
Эртага навбатдаги “Автомобилсиз кун”. Шаҳарда автомобилдан фойдаланмасдан ҳаракатланиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш атроф-муҳитни асраш ва ҳаво ифлосланишини камайтиришга қўшилган ҳиссадир. Тоза ҳаво — умумий бойлигимиз. Уни асраш ҳар биримизнинг кундалик ҳаракатимиздан бошланади. Сизнинг бир кун автомобилсиз юришингиз эса тоза ҳаво сари кичик қадамингиздир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА