Товардаги нуқсонни аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда унинг сифати қўшимча равишда текширилади
Сенат ялпи мажлисида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 14-моддасига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур масала бўйича маъруза қилган Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев мамлакатимизда рақобатни ривожлантириш орқали истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Қонун билан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга товардаги нуқсонларни унинг ташқи кўринишидан аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда товар сифатини қўшимча равишда текширишнинг ҳуқуқий асосларини аниқлаштирувчи ўзгартиришлар ва қўшимча киритилмоқда.
Текширишнинг тартиби ва муддати, истеъмолчининг ушбу жараёнда иштирок этиши ҳамда текширишни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаб бериш тартиби ҳам белгиланмоқда.

Товардаги нуқсонлар у истеъмолчига реализация қилинганидан кейин, товарни сақлашнинг ёки ундан фойдаланишнинг белгиланган қоидалари бузилганлиги сабабли ёхуд учинчи шахсларнинг ҳаракатлари туфайли юзага келганлигини товарнинг ташқи кўринишига қараб аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда, товарнинг сифати қўшимча равишда текширилиши жорий этилмоқда.
Истеъмолчига шахсан ёки ўз вакили орқали товарнинг сифатини қўшимча равишда текширишда иштирок этиш, шунингдек, товарнинг сифатини ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда текширишни амалга ошириш ваколатлари берилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга ҳамда бозор иштирокчилари учун янада барқарор ва ишончли ҳуқуқий муҳит яратишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА