Халқаро таълим дастури битирувчилари тақдирланди
Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетида “Cambridge International AS & A Level” дастурини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда университет ахборот хизмати хабар берди.
Мазкур дастур ўқувчиларга халқаро стандартлар асосида чуқур билим олиш, танқидий ва таҳлилий фикрлаш, мустақил изланиш ҳамда муаммоларга илмий ёндашиш кўникмаларини ривожлантириш имконини беради.
Дастурнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, белгиланган юқори натижаларга эришган битирувчилар айрим хорижий олий таълим муассасаларига қўшимча кириш имтиҳонларисиз қабул қилиниши мумкин. Шунингдек, улар университетнинг қабул талабларига мувофиқ Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети бакалавриат босқичининг иккинчи курсидан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади.

Қайд этилишича, “Cambridge International AS & A Level” дастурлари дунёнинг 138 та мамлакатида жорий этилган. Ушбу малака ҳужжатлари 99 та мамлакатдаги 2 670 дан ортиқ университет томонидан тан олинади.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА