Тошкентда ёш олимлар ва мутахассисларнинг 30-халқаро илмий конференцияси бўлиб ўтди (+видео)
Тошкент шаҳрида Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (Дубна, Россия Федерацияси) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти ҳамкорлигида Ёш олимлар ва мутахассисларнинг 30-халқаро илмий конференцияси — AYSS-2026 бўлиб ўтди. Халқаро анжуман Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (Дубна, Россия Федерацияси) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Конференцияда Озарбайжон, Беларус, Виетнам, Грузия, Қозоғистон, Куба, Россия, Руминия, Тожикистон, Туркия, Ўзбекистон ва Жанубий Африка Республикасидан қарийб 140 нафар ёш олим, тадқиқотчи ва мутахассис иштирок этди.
Анжуманнинг асосий мақсади фундаментал ва амалий физика соҳасидаги замонавий илмий ютуқларни муҳокама қилиш, ёш тадқиқотчиларнинг илмий натижаларини халқаро ҳамжамиятга тақдим этиш, тажриба алмашиш ҳамда халқаро илмий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришдан иборат бўлди.
Конференция доирасида назарий физика, элементар заррачалар физикаси, ядро физикаси, конденсацияланган муҳит физикаси, тезлатгич технологиялари, материалшунослик, ахборот технологиялари ва радиациявий тадқиқотлар каби йўналишларда маърузалар тингланди. Ялпи мажлислар ва тўққизта асосий илмий йўналиш бўйича ташкил этилган шўба йиғилишларида тадқиқот натижалари муҳокама қилинди.
AYSS-2026 конференциясининг Тошкентда ўтказилиши икки илмий муассаса ўртасидаги узоқ йиллик ҳамкорликнинг муҳим давоми бўлди. Ҳар икки ташкилот 1956 йилда ташкил этилган бўлиб, 2026 йилда ўзининг 70 йиллигини нишонламоқда.
Ўзбекистонлик олимларининг Бирлашган ядро тадқиқотлари институти билан илмий ҳамкорлиги 1956 йилдан бошланган. 1992 йил июнь ойида Ўзбекистон Республикаси ушбу институтнинг тўлақонли аъзо давлатига айланган. Бугунги кунда ҳамкорлик фундаментал ва амалий физика, ядровий технологиялар, материалшунослик, радиациявий тадқиқотлар ҳамда илмий кадрлар тайёрлаш йўналишларида давом этмоқда.
Конференция хорижий ва маҳаллий ёш олимлар учун ўз тадқиқотларини тақдим этиш, халқаро тажриба билан танишиш, касбий алоқаларни мустаҳкамлаш ва келгусидаги қўшма илмий лойиҳалар учун янги имкониятларни муҳокама қилиш майдони бўлиб хизмат қилди.
AYSS-2026 халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш, ёш тадқиқотчиларнинг салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистоннинг жаҳон илмий ҳамжамиятидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган муҳим анжуманлардан бири бўлди.
Меҳрожиддин Умурзаков, Ойбек Давронов, ЎзА