"Миллий қадриятлар тарғиботчиси" танлови: Касбий таълимда ғолиблар аниқланди.
Касбий таълим тизимида маънавий-маърифий ислоҳотлар: 19 ноябрь куни Касбий таълим агентлигида "Миллий қадриятлар тарғиботчиси" республика танловининг якуний босқичи ўтказилди. Унда келажак авлод тарбиясига замонавий ёндашувлар тақдим этилди.
19 ноябрь куни Касбий таълим агентлигида “Миллий қадриятлар — миллий ўзлигимиз ва Янги Ўзбекистон маънавий тараққиётининг пойдевори” мавзусида “Миллий қадриятлар тарғиботчиси” республика танловининг якуний босқичи ўтказилди.
Танловда ҳудудий босқичларда сараланган иштирокчилар ўз билим ва тажрибаларини ижодий чиқишлар, амалий тақдимотлар орқали намойиш этдилар. Ҳакамлар ҳайъати таркибидан Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти вакиллари иштирок этди.

Танловда Республикадаги техникумларнинг ёшлар билан ишлаш бўйича директор ўринбосарлари қатнашди. Якуний натижаларга кўра Кимёхон Насриддинова 1- ўрин (Тошкент шаҳар), Гавҳар Раҳимова 2-ўрин (Самарқанд вилояти), Феруза Раҳимова 3- ўрин (Хоразм вилояти)га муносиб кўрилди.

Мазкур танлов касбий таълим тизимида маънавий-маърифий ишларни янги босқичга олиб чиқиш, педагоглар ўртасида илғор тажрибаларни оммалаштириш ва ёшлар тарбиясига замонавий ёндашувларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этди.
Зеро, миллий қадриятларга таянган таълим — маънавиятли авлодни, маънавиятли авлод эса Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини яратади.
Мунира Рамазонова
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси