Замонавий боғча фойдаланишга топширилди
Гулистон туманининг “Юлдуз” маҳалласида янгидан қурилган 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Давлат дастури доирасида амалга оширилган лойиҳа учун 4 миллиард 650 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, муассаса замонавий талаблар асосида қайта барпо этилди.
Янги таълим масканининг очилиш маросимида туман ҳокими Олимжон Жўраев, нуронийлар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ота-оналар иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан ривожлантириш, болаларни сифатли таълим ва тарбия билан қамраб олиш ҳамда улар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бераётганини таъкидлашди.
Қайд этилишича, қурилиш ишлари “Сирдарё барака қурилиш” МЧЖ томонидан сифатли ва белгиланган муддатларда бажарилди. Натижада маҳалла аҳолиси учун яна бир замонавий ижтимоий бино бунёд этилди.


Эътиборлиси, мазкур мактабгача таълим ташкилоти дастлаб 1983 йилда қурилган бўлиб, 90 нафар тарбияланувчига мўлжалланган эди. Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши натижасида муассасанинг қуввати 150 ўринга етказилди. Бу эса маҳаллада мактабгача таълим хизматларига бўлган эҳтиёжни қондириш, болаларни таълим ва тарбия билан қамраб олиш даражасини янада ошириш имконини бермоқда.


Муассасада тарбияланувчилар учун кенг ва ёруғ гуруҳ хоналари, замонавий жиҳозланган машғулот хоналари, ўйин майдончалари, ошхона ва тиббиёт хоналари ташкил этилган. Шунингдек, болаларнинг интеллектуал, жисмоний ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш учун барча зарур шароитлар яратилган.
Янги боғчанинг фойдаланишга топширилиши нафақат таълим тизими инфратузилмасини мустаҳкамлашга, балки маҳалла аҳолисининг ижтимоий фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, бу ерда тарбия оладиган юзлаб болаларнинг бахтли болалиги ва мустаҳкам келажаги учун яна бир муҳим пойдевор яратилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири