Тошкентда олий таълим аккредитацияси бўйича халқаро мулоқот бошланди
14 сентябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида «Аккредитацияда барқарорлик: халқаро тажриба ва миллий стандартлар» мавзусида халқаро тадбир ўз ишини бошлади.
Унда олий таълимда аккредитациянинг ўрни, таълим сифатини таъминлашнинг замонавий ёндашувлари ва халқаро тажрибани миллий амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинмоқда. Халқаро тадбирда 200 дан ортиқ иштирокчи — давлат органлари вакиллари, олий таълим ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, Германия, Буюк Британия ва Малайзиядан таклиф этилган экспертлар иштирок этмоқда.

Муҳокамаларда аккредитацияни таълим ташкилотининг белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолаш билан чеклаб қўймаслик зарурлиги таъкидланмоқда.
Ушбу жараён, аввало, олий таълим ташкилотининг ривожланиши, фаолият натижадорлигини ошириши ва таълим сифатини мунтазам такомиллаштиришга хизмат қилувчи механизм сифатида қаралмоқда.


Тадбир дастуридан Германия, Буюк Британия ва Малайзияда олий таълим сифатини таъминлаш бўйича шаклланган тажриба, Ўзбекистонда таълим сифатининг халқаро экспертлар томонидан баҳоланиши ҳамда аккредитация жараёнларида сунъий интеллект технологияларидан самарали ва масъулиятли фойдаланиш масалалари ўрин олган.
Хусусан, Мюнстер университети профессори Франк Вернер Альтемёллер олий таълимда аккредитациянинг мақсадга эришишдан натижадорлик ва академик мукаммалликка интилиш сари ҳаракатланишдаги ўрни ва салоҳияти ҳақида фикрларини баён қилмоқда.
Тадбирда аккредитациянинг амалий жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Марказий Осиё университетининг комплекс давлат аккредитациясидан муваффақиятли ўтиш тажрибаси мисолида жараёнда юзага келган муаммолар, уларнинг ечимлари ҳамда олий таълим ташкилотлари учун муҳим бўлган амалий жиҳатлар муҳокама қилинади.

Куннинг иккинчи ярмида битирувчилар сифат индекси, давлат аккредитациясини ўтказишдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари, ташқи баҳолаш доирасидаги ташрифларни ташкил этиш методикаси, шунингдек, аккредитация жараёнида стрессни бошқариш масалаларига бағишланган амалий сессиялар ўтказилади.
Шунингдек, Вебстер университети тажрибаси асосида битирувчилар сифатини таъминлаш ва таълим натижаларини баҳолашнинг замонавий ёндашувлари ҳам тақдим этилди.
Халқаро экспертлар ва маҳаллий мутахассислар иштирокида ўтаётган тадбир Ўзбекистонда таълим сифатини таъминлаш тизимини илғор хорижий тажриба билан бойитиш, аккредитация жараёнларини такомиллаштириш ҳамда олий таълим ташкилотларида сифатни доимий равишда ривожлантиришга қаратилган ёндашувларни муҳокама қилиш учун муҳим профессионал майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА