Ёшлар тарбияси – долзарб масала
Жиззах политехника институтида янги ўқув йилини бошлаган талаба-ёшлар учун “Таништирув ҳафталиги” доирасида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирларда ёшликнинг мазмуни, имкониятлари ва масъулияти ҳақида сўз юритилди. “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ўтказилган мулоқотларда билимли, соғлом фикрлайдиган, ҳалол ва ватанпарвар авлодни тарбиялаш масалалари бир-бири билан уйғун ҳолда муҳокама этилди.
Хусусан, энергетика муҳандислиги факультетида 1-босқич талаба-ёшлари иштирокида “Ҳалоллик маданияти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда ёшлар масалаларининг давлат сиёсатидаги ўрни, мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган таълим ва ривожланиш имкониятлари билан бир қаторда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини барвақт аниқлаш масалаларига эътибор қаратилди.


Суҳбатда таълим муассасасида коррупциянинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар, талабаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда қонун устуворлигининг аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Коррупциянинг турли кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, ҳалол меҳнат ва қонунийликка амал қилиш зарурлиги таъкидланди.
Зеро, талаба учун билим қанчалик муҳим бўлса, унинг қандай тамойиллар асосида яшаши ҳам шунчалик аҳамиятли. Ҳалоллик, қонунларга ҳурмат ва ижтимоий масъулият ёш инсоннинг нафақат бугунги, балки эртанги ҳаётини ҳам белгилайди.

Транспорт муҳандислиги факультетидаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар нигоҳида” мавзусидаги давра суҳбатида ҳам ана шу фикрлар давом эттирилди. Унда факультетнинг 1-курс барча гуруҳларининг талабалари иштирок этди.
Мулоқотда ёш авлоднинг соғлом фикрлаши, юксак ахлоқ, илмга чанқоқлик ва кенг дунёқарашга эга бўлиши бугунги тараққиёт талаби экани таъкидланди. Ёшларга ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида маълумот берилиб, улардан унумли фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Айниқса, китоб мутолааси, билим ва дунёқарашни мунтазам кенгайтириш, ўз устида ишлаш, турли танловларда фаол иштирок этиш, келажакда ўз касбининг етук мутахассиси бўлишга интилиш юзасидан тавсиялар берилди. Чунки бугунги талаба эртанги малакали ва ватанпарвар кадр. Унинг билим ва салоҳияти эса юрт тараққиётига қўшиладиган ҳисса демакдир.
Шу боис, институтдаги бундай очиқ мулоқотлар ёшларни тайёр хулосаларни қабул қилишга эмас, мустақил фикрлашга, тўғри танлов қилишга ва ўз келажагига масъулият билан қарашга ундайди. Таълим билан тарбия, имконият билан масъулият уйғунлашган муҳитда эса комил шахс, ўз касбини пухта эгаллаган мутахассис ва Ватан равнақига дахлдор авлод камол топади.

Тадбирларда талабаларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди. Энг муҳими, ёшлар қалбида ҳалоллик, қонунларга ҳурмат, билимга интилиш ва Ватанга садоқат каби фазилатларни мустаҳкамлашга қаратилган мулоқотлар талабалар учун муҳим маънавий сабоқ бўлди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири