Урганч давлат университетида устувор вазифалар муҳокама қилинди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ректори Феруза Мадраҳимованинг университет факультетлари жамоалари билан учрашувлари бўлиб ўтди.
Мулоқотларда факультетларнинг 2025/2026 ўқув йилидаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, эришилган натижалар таҳлил этилди. Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилида амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Талабаларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг республика ва халқаро мусобақалардаги иштирокини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли спортчилар учун зарур шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бу борада университетда барпо этилган 370 ўринли спорт мажмуаси ва стадион, шунингдек, реконструкция қилинган Спорт фаолияти факультети биноси имкониятларидан самарали фойдаланиш вазифалари белгиланди.
Талабаларнинг «Янги Ўзбекистон» талабалари мусобақасида 2-ўринни эгаллагани эътироф этилар экан, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақаларига пухта тайёргарлик кўриш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Учрашувларда профессор-ўқитувчиларнинг хорижий стажировкаларини ташкил этиш, хорижлик профессор-ўқитувчи ва талабаларни таълим жараёнига жалб қилиш, нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг илғор таълим дастурларини жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
[gallery-31586]
Шунингдек, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, дуал таълим имкониятларини кенгайтириш, «Спин-офф» лойиҳаларини ривожлантириш, илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш вазифаларига эътибор қаратилди.
Университетнинг халқаро рейтинглардаги мавқеини мустаҳкамлаш, дунёнинг ТОП-1000 университетлари қаторига кириш учун илмий салоҳият ва халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш, профессор-ўқитувчиларнинг нуфузли илмий нашрлардаги фаоллигини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Талабалар бандлигини таъминлаш, иқтидорли ёшлар билан манзилли ишлаш, стипендиатлар сафини кенгайтириш, талабаларни турар жой билан таъминлаш, тўгараклар фаолияти ва тюторлар ишини самарали ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашувлар якунида факультет жамоаларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Беҳзод САИДОВ (сурат), ЎзА