Тошкентда канал бўйида замонавий сайилгоҳ барпо этилмоқда
Пойтахтимизда каналлар бўйларини комплекс ободонлаштириш, яшил ҳудудлар кўламини кенгайтириш ҳамда аҳоли учун замонавий сайр ва дам олиш масканларини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Чилонзор туманида Анҳор каналининг Бунёдкор кўчасидан Наққошлик кўчасигача бўлган 1,7 километрлик қисмида комплекс ободонлаштириш ва янги сайилгоҳ барпо этиш ишлари давом этмоқда.
Айни пайтга қадар канал ўзанининг 500 метрдан ортиқ қисмида бетонлаш ишлари амалга оширилди. Лойиҳага мувофиқ, канал бўйлаб умумий узунлиги 3,4 километрни ташкил этувчи велосипед ва пиёдалар йўлаклари барпо этилади. Шунингдек, каналнинг икки қирғоғини ўзаро боғловчи 3 та кўприк қурилиши ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида канал қирғоқлари бўйлаб ҳимоя панжаралари ўрнатилиши кўзда тутилган.
Ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш ҳамда сайилгоҳнинг табиий жозибадорлигини ошириш мақсадида 500 дан ортиқ дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Ҳозирда қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 100 нафарга яқин ишчи ҳамда 12 та махсус техника жалб этилган. Лойиҳани 2027 йилнинг май ойида якунлаш ва сайилгоҳни фойдаланишга топшириш мўлжалланган.
Тошкент шаҳрида канал бўйларини комплекс ободонлаштириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ҳамда аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА