Бўлажак фармацевтлар билан мулоқот қилинди
Фармацевтика техник университетида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ва талаба-ёшлар учрашуви бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқот давомида ёшлар бандлигини таъминлаш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Талабалар ва ёш ходимлар ўзларини қизиқтирган саволлар ҳамда таклифлар билан чиқди.


Тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар, янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши ҳамда маҳаллий маҳсулотлар ҳажмини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кадрлар тайёрлаш тизимига ҳам янги талаблар қўймоқда. Фармацевтика техник университетида замон талабларига мос таълим муҳити, илмий-тадқиқот лабораториялари, стартап ҳудуди ва бизнес-инкубатор фаолияти самарали йўлга қўйилган.

Тадбир давомида “Bio Pharma City” ҳудудидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.
Учрашув якунида ёшлар сиёсати доирасида ҳамкорликни янада кенгайтириш ва илгари сурилган ташаббусларни амалиётда татбиқ этиш бўйича келишиб олинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА