Тошкентда Иордания Қиролининг китоби тақдим этилди
Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институтида Иордания Қироли Абдулла II нинг “Сўнгги энг яхши имкониятимиз: таҳлика даврида тинчликка интилиш” китобининг тақдимоти ўтказилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон ва Иордания ҳамкорлиги, Яқин Шарқдаги вазият, минтақавий хавфсизлик ҳамда можароларни тинч йўл билан ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди.
Институт директори Жавлон Ваҳобов китобдаги бош ғоя – тинчлик учун сиёсий ирода, ишонч ва изчил дипломатия зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Фаластин муаммосини БМТ резолюциялари ва “икки давлат” тамойили асосида ҳал этиш Ўзбекистоннинг ҳам қатъий позицияси эканини қайд этди.
Иштирокчилар Иорданиянинг мувозанатли ташқи сиёсати, динлараро тотувлик ва экстремизмга қарши кураш тажрибасини кўриб чиқдилар. Бундан ташқари, Марказий Осиё, Иордания ва Форс кўрфази давлатлари ўртасида транспорт-логистика ва қўшма иқтисодий лойиҳаларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилди.
Тадбирда икки давлат расмийлари, дипломатлар, ишбилармонлар ҳамда Ўзбекистон, Иордания, Россия ва Туркия экспертлари қатнашди.
[gallery-32570]
Дилшод ҲАКИМОВ,
Ойбек ПАРДАЕВ (сурат),
ЎзА