“Конституцияга саёҳат”: болалар учун илк интерактив ҳуқуқий китоб ва мультфильмлар яратилди
Пойтахтимизда “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан яратилган инглиз тилидаги “Конституцияга саёҳат” интерактив китоби ҳамда унга ишланган ҳуқуқий мультфильмларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Дастлаб ўзбек тилида яратилган, “Конституцияга саёҳат” лойиҳаси Конституциядаги нормаларнинг мазмун-моҳиятини болаларга содда ва қизиқарли тилда тушунтиришга қаратилган ўзига хос ҳуқуқий-маърифий маҳсулот. Интерактив китоб ва унинг асосида ишланган 40 қисмли мультфильмда мураккаб ҳуқуқий тушунчалар Одилбек, Адолатхон ва Миттивойнинг қизиқарли саргузаштлари орқали ёритилади.
[gallery-32572]
Ушбу лойиҳа болаларда ҳуқуқий билимларни шакллантириш, уларни Конституцияга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англашга ўргатишни мақсад қилган.
Тақдимотда Адлия вазирлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси вакиллари, педагоглар, хорижий меҳмонлар, ижодкорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирокида лойиҳанинг яратилиш тарихи, ўзбек тилидаги илк нашридан инглиз тилидаги версиясигача бўлган ижодий жараёнлар акс этган видеоролик, шунингдек, мультфильмнинг инглиз тилидаги илк қисми намойиш этилди.
Тадбир доирасида Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси молиявий кўмагида 1000 нусхада нашр этилган инглиз тилидаги “Конституцияга саёҳат” интерактив китоби Таълим ва илм-фан вазирлигига топширилди.
Шунингдек, “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан Ўзбекистонда илк бор яратилган болаларга ҳуқуқни осон ва содда усулда ўргатиш учун мўлжалланган 14 та ҳуқуқий ўйинлар ҳам таълим тизимига тақдим этилди.
Шунингдек, "Адолат" миллий ҳуқуқий ахборот маркази ва Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
“Конституцияга саёҳат” китобининг инглиз тилида тақдим этилиши миллий ҳуқуқий-маърифий тажрибамизни халқаро даражада кенг тарғиб этиш, қолаверса, хорижий тилларни ўрганаётган ёш авлод учун замонавий миллий ҳуқуқий контент тақдим этиш йўлидаги муҳим босқич бўлди.
Гулноза Бобоева,
Нишонбой Абдувоитов (видео),
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА