Хавфсизлик амал қилиш билан таъминланади
Қиш яқинлашиб келаётган айни кунларда энергия ресурсларидан фойдаланиш ҳажми ортиши билан бирга, хавфсизлик чораларига риоя этиш масъулияти ҳам ортади.
Шу боисдан ҳам Наманган вилоятида «Энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш ойлиги» доирасида профилактик ишлар кенгайтирилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг бўлим бошлиғи Диёрбек Бекмирзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Мингбулоқ туманида аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларда ўрганишлар олиб борди. Жараёнларда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, «Ҳудудгаз Наманган» газ таъминоти филиали ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Наманган филиали мутахассислари ҳам фаол иштирок этишди.

Мутахассислар томонидан фуқароларга икки контурли иситиш печларидан тўғри фойдаланиш, дудбуронларни мунтазам тозалаш, ҳимоя воситаларини ўрнатиш ҳамда ностандарт иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик бўйича тавсиялар берилди.

Ўрганишларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Асосий эътибор эса ис гази билан заҳарланиш, ёнғин ва бошқа нохуш ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган. Бинобарин, хавфсизлик фақат огоҳлантириш билан эмас, унга амал қилиш билан таъминланади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири